Шамшод Нишонов хизмат фаолиятини 2007-йилда Когон тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимида бошлади. Илк кунларданоқ у вазифасига сидқидилдан ёндашди. 2010-йилдан буён эса ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тизимида хизмат қиляпти. Бугунги кунда Департаментнинг 6-минтақавий ҳудуди 17-сон ЖИЭК Тарбиявий ишлар бўлимида катта инспектор — ижтимоий ходим лавозимида фаолият юритмоқда.

Бу танлов тасодиф эмас. Унинг отаси — Шариф Нишонов ички ишлар органларида қарийб йигирма беш йил хизмат қилиб, Бухоро тумани ИИБ ҲООБ Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими бошлиғи лавозимидан маёр унвони билан пенсияга чиққан. Унинг фидокорона хизмати Шамшод Нишонов учун ҳаёт мактаби, касбга муҳаббат ва садоқат намунаси бўлди.

Бу оилада Ватанга, халққа хизмат анъанага айланган. Тўрт фарзанддан уч нафари ички ишлар органлари тизимини танлаган. Акаси Бахтиёр 2015-йилда Бухоро вилояти ИИБ ЙПХ ходими, катта сержант унвони билан пенсияга чиққан бўлса, укаси Шербек ҳозирда 6-минтақавий ҳудуд 4-сон тергов ҳибсхонаси навбатчилик қисмида катта инспектор-навбатчи лавозимида хизмат қилмоқда. 

Маёр Шамшод Нишонов оғир ва ўта оғир жиноят содир этган, ўта хавфли ресидивист деб топилган маҳкумлар билан ишлайди. Асосий мақсади — жазо муддатини ўтаётган шахсларни қайта жиноят йўлига кириб кетмасликка ундаш, уларнинг онгида жамият, оила ва Ватан олдидаги масъулият, қонунга ҳурмат ҳиссини уйғотишдир. Бундай вазифа нафақат чуқур билим, балки мустаҳкам ирода ва пухта психологик тайёргарликни ҳам талаб этади.

— Ҳар бир маҳкум — алоҳида тақдир. Уни тинглаш, тушуниш ва тўғри йўлга бошлаш муҳим, — дейди Шамшод Нишонов.

Оғир муҳит, қаттиқ тартиб ва турфа тақдирлар ҳар кимга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Бироқ йиллар давомида орттирилган тажриба маёр Шамшод Нишоновда мустаҳкам психологик барқарорликни шакллантирди. У салбий таъсирларга қарши тура оладиган руҳий кучни, аввало, оиласи ва жамоасидан олади.

Хизматдан бўш вақтларини оиласи бағрида ўтказади. Аёли — уй бекаси, икки қиз ва икки ўғли унинг ҳаётдаги энг катта таянчи. Фарзандларига тўғри тарбия бериш, уларнинг камолини кўриш унинг учун энг катта бахтдир.

Шамшод Нишонов ўзининг биринчи устози сифатида отасини алоҳида эҳтиром билан тилга олади. Зеро, падари бузрукворининг ҳалоллик ва меҳнацеварлик ҳақида айтган насиҳатлари унинг ҳаёт йўлини белгилаб берган. Қолаверса, фаолияти давомида истеъфодаги подполковник И. Ражабов ва бошқа устозларидан олган сабоқларига таянади. Ўзи ҳам бугунги кунда ёш ходимларга устозлик қилмоқда. Уларга Ватанни севиш, қонунни ҳурмат қилиш, касб шаънини асраш ва инсон тақдирига бефарқ бўлмасликни уқтириб келмоқда.

— Бу касбнинг нони қаттиқ, — дейди у шогирдларига мурожаат қилиб. — Лекин Ватаним деб яшайдиган инсон учун қийинчиликлар тўсиқ эмас, балки синовдир.

Маёр Шамшод Нишоновнинг ҳаёт йўли бир ҳақиқатни тасдиқлайди: Ватанга садоқат — сўзда эмас, умр давомидаги фидойи хизматда намоён бўлади.


Адолат ФАЙЗИЕВА, 

ўз мухбиримиз.