Фарғона шаҳрида яшовчи Т.М. “Ласетти” русумли автомашинасида бир неча бор қоидабузарлик содир этгани учун 6 миллион 750 минг сўм жарима ёзилган эди. Аммо ҳайдовчи жаримани анчагача тўламай юрди. Натижада йўл патрул хизмати ходимлари томонидан мазкур автомашина вақтинчалик жарима майдонига олиб кирилди.

Ҳайдовчи эса белгиланган жарималарни тўлаб, қонуний йўл билан машинасини олиб чиқиш ўрнига икки танишидан маслаҳат сўради. Улар эса Т.М.нинг ишончига кириб, жарима майдонида сақланаётган автомашинасини вилоят Йҳхбдаги юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳеч қандай тўловларсиз олиб чиқиб беришини айтиб, бунинг эвазига 350 Ақш доллари пул сўради.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматининг ойдинлик киритишича, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни содир этганлар аниқланди ва просессуал тартибда ушланди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.