Избоскан тумани Андижон вилоятининг шимолида жойлашган. Олтинкўл, Балиқчи, Пахтаобод, Андижон ва Наманган вилоятининг Ҳаққулобод, Учқўрғон туманлари ҳамда Қирғиз Республикасининг Ўш вилояти билан чегарадош. «Избоскан» атамаси 1926-йил 29-сентабрдан юритила бошланган. Унгача ҳудуд Андижон уэзди Пойтуғ волости деб аталган.
Туман номини Қўқон қишлоқ ўрамига қарашли Исваскон қишлоғи (ҳозирги Пахтаобод туманидаги Маданият қишлоғи) номи билан аташ, марказини эса Чувама қишлоғи деб белгилаш ҳақида қарор қабул қилинган. «Исваскон» атамаси бора-бора «Избоскан» шаклига айланади. Бугунги кунга келиб «Исваскон» сўзи Маданият қишлоғида деярли унутилган.
1935-йилнинг март ойида Қўқон қишлоқ Тентаксой тумани номи билан Избоскандан ажралиб чиқди ва 1937-йилдан Пахтабод тумани дея атала бошланди. Избоскан иккита туманга бўлинган кундан бошлаб, ўз марказини Чувамадан Пойтуққа кўчирди. 1962-йилда туманларни йириклаштириш мақсадида Пахтаобод тугатилиб, Избосканга қайта бирлаштирилди. 1972-йил январ ойида эса яна ўз ҳолича ажратиб юборилди.
«Избоскан» сўзининг маъноси ва келиб чиқиши ҳақида бир қанча талқинлар мавжуд. Ривоятларга қараганда, буюк саркарда Амир Темур даврида бу ҳудудлар тўқайзор, чангалзорлардан иборат бўлган. Амир Темурнинг аскарлари шу тўқайзорларда жанг олиб борган. «Лашкарларнинг қадами етган», «изи босилган» деган маънода кейинчалик «Избоскан» номи вужудга келган. Яна бир талқинда эса бу ерга «улуғлар изи босилган» маъноси назарда тутилади. Албатта, булар халқ орасида тарқалган ривоятлар. Аммо ҳар бир афсона ортида қисман бўлса-да, ҳаёт ҳақиқати ётади.
Туман маркази ҳисобланган Пойтуғ шаҳрининг номи ҳам ўзига хос тамаддунга эга. Манбаларга қараганда, «Пойтуғ» номи Ўрта Осиёнинг араблар томонидан забт этилиши тарихи билан боғлиқ.
ВИИ асрнинг охири ВИИИ асрнинг бошларида араблар Ўрта Осиёга юриш бошлаб, шаҳар ва қишлоқларни қўлга киритишган. Мовароуннаҳрни босиб олишда араб лашкарларига тажрибали саркарда Қутайба ибн Муслим бошчилик қилган. Бу томонларга Ҳазрати Али етиб келмаган бўлса-да, Қутайба томонидан қўлга киритилган барча зафарлар Али номи билан боғланган. «Пойтуғ» сўзининг этимологик таҳлили «Пой» — «қадам», «оёқ»; «туғ» эса «байроқ» маъносини ифодалайди. Иккала сўз бирикиб, «Пойтуғ»ни ҳосил қилган. Яъни, «Алининг қадами етиб, ишғол этилган ва ғалаба байроғи кўтарилган жой» маъносини беради. Шунданми, избосканликлар бу шаҳарни «Пойтуғи азиз» деб атайдилар.
Ҳа, Избоскан туман сифатида бир асрга яқин тарихий ривожланиш йўлини босиб ўтди. Ундан қалами ўткир адиб Қамчибек Кенжа, булбулзабон хонанда Дилнура Қодиржонова каби инсонлар етишиб чиқди.
Мозий ҳақида гап кетаркан, мазкур тумандаги ички ишлар тизимининг юзага келиши ва шаклланиши билан боғлиқ айрим маълумотларни ҳам эътиборингизга ҳавола эцак. 1922-йил ёзида ҳукумат топшириғи билан халқ милисияси отрядлари ташкил топа бошлади. Бу гуруҳга ҳалол, содиқ, сара йигитлар қабул қилинди. Халқ милисиясининг маркази сифатида Пойтуғ гарнизони тузилди. 600 дан ортиқ йигитларни жамлаган гарнизон бир неча отрядларга бўлинган эди. Халқ милисиясининг ташкил топиши жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Ўша пайтларда айрим босқинчи тўдалар томонидан тез-тез таланиб турган қишлоқларда осойишталик ҳукм сура бошлади.
Нигорахон ТЎХТАМАТОВА,
ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
