Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ички ишлар органи ходимига пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, фуқаро Б.Т ўзининг яшаш хонадонида 3 нафар маҳалладоши билан қимор ўйини ташкил этган. Бу ҳолат ички ишлар органи ходимлари томонидан фош этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Фуқаро эса ўзи ва қолган шерикларига нисбатан тўпланган ҳужжатларни терговга топширмасдан, йўқ қилиб юбориш эвазига Олтиариқ тумани ИИБ ходимига 1 миллион 500 минг сўм таклиф қилади.

Аммо ходим унинг қинғир таклифига рози бўлмади. Фуқарони бу ҳаракати билан жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирди. Шунда ҳам у пора таклиф қилишда давом этавергач, раҳбариятга бу ҳақда билдирги берди.

Ҳолат юзасидан ИИВ Шхбб Фарғона вилояти бўйича бошқармаси, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Фарғона вилояти Олтиариқ туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро ходимга 1 миллион 500 минг сўмни пора тариқасида берган вақтида ушланди.

Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Олтиариқ туман прокуратурасига юборилди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.