Фарғоналик генерал-маёр Салим Собиров ўзининг 83 йиллик ҳаёти давомида кўплаб синов ва машаққатларни бошдан ўтказган, лекин ҳеч қачон қаддини букмаган, ҳақиқий мард ва олижаноб, камтарин ва ватанпарвар инсон эди.
У 1925 йил 13 январда Фарғона вилоятининг Фарғона туманидаги Янги чек қишлоғида ишчи оиласида дунёга келган. Ўрта мактабни битирганидан сўнг Фарғона политехника институтида таҳсил олди. Сиёсатхон Арифбоева билан оила қурди. Турмушлари давомида 8 нафар фарзанд кўришди ва уларнинг барини жамиятимизга муносиб инсонлар қилиб камолга етказишди.
С. Собиров ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1946 йилда Фарғона шаҳрида участка нозири лавозимида бошлади. 1954–1956 йилларда Фарғона шаҳар ИИБ 1-сонли шаҳар милиция бўлинмаси бошлиғи лавозимида хизмат қилди.
1956–1962 йилларда Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи, 1962–1967 йилларда эса вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида асосий эътиборни кадрларни тайёрлаш ва жой-жойига қўйиш ишларига қаратди. Жонбозлиги, меҳнаткашлиги, қўл остидаги ходимларга ғамхўрлиги туфайли ҳурмат-эътибор қозонди. Шу боис ҳам, қаерда бўлмасин, юқори натижаларни қўлга киритди.
Салим Собиров 1967 йилдан бошлаб Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилди. Унинг раҳбарлик йилларида тезкор чора-тадбирлар самараси ўлароқ, вилоятда ўғирлик, талончилик, давлат мулкини талон-торож қилиш жиноятларининг олди олиниб, уларнинг кескин камайишига эришилди. Вилоят ички ишлар органлари учун бино ва иншоотлар қурилди, баъзи туманларда бинолар таъмирланиб, ходимларга қулай шарт-шароит яратилди.
1975–1984 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган Салим Собиров вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўплаб ижобий ишларни амалга оширди. Юзлаб шогирдларни касбга садоқат руҳида тарбиялади.
Эл-юртга садоқат билан хизмат қилган ва 1976 йилда «генерал-маёр» унвонини олган Салим Собировни кутилмаган синовлар кутиб турарди. Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи томонидан олиб борилган «Ўзбек иши» кампанияси доирасида
1985 йил 4 февралда ҳибсга олинган генерал 1988 йил 30 декабргача қамоқда сақланди. Кейин мол-мулки мусодара қилиниб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўша йиллар изтироби ва отасига қилинган туҳматни генералнинг кенжа ўғли Қаҳрамон Собиров шундай эслайди:
– Дадам касбига садоқатли, касбдошларига ҳам, одамларга ҳам яхшилик қилишга уринадиган ҳалол инсон эди. Шу боис туҳматларга ҳеч тоқат қилолмади. Мен унда ёш йигитча эдим. Лекин тергов ва суд жараёнларида пойма-пой, туҳматга йўғрилган кўрсатмалар бўлганини эслайман. Дадамни пора олганликда айблашга уринишарди, аммо қўйилган айбловларнинг кўпи исботини топмади. Барибир туҳмат қилиб, қамашди.
2004 йилда «Фарғона» нашриёти томонидан чоп этилган Исроилжон Иброҳимовнинг «Фарғонада «Ўзбек иши» қандай кечганди?» номли китобда ўша даврда Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи томонидан ноҳақ айблов билан қамалган кишиларнинг изтиробли кунлари очиқ акс эттирилган.
Мазкур рисоладан Салим Собиров билан боғлиқ «Айбсиз айбдор» деган мақола ҳам жой олган. Унда ёзилишича, терговнинг бошида генералга 120 сўм пора олганлиги тўғрисидаги асоссиз айб қўйишади. Бироқ суд жараёнида бу айбловлар шунчаки туҳмат ва бўҳтон эканлиги ойдинлашади.
Масалан, хоразмлик бир киши генералга 10 минг сўм пора берганлигини важ қилади. У судда порани
1981 йилнинг 9 ноябр куни берганлигини айтади. Аммо бу ғирт туҳмат эди. Чунки 8 ноябр куни Салим Собировнинг ўғли вафот этган ва у дафн маросимини ўтказиш учун Фарғонага келганди. Суд жараёни ана шундай пойма-пой кўрсатмалар ва туҳматлар билан ўтади. Ҳалолликни бош омил деб билган генерал бу туҳматларга чидолмай, суд жараёнида соғлиғи ёмонлашиб қолиб, тез ёрдам чақиртирилади.
Генерал ҳибсга олинганидан сўнг унинг ўғли Бахтиёр Собиров яшаб турган Фарғона шаҳридаги уйда ҳам тинтув ўтказилади. Жиноят иши материалларидаги ёлғон маълумотларга кўра, уйида беҳисоб моддий бойликлар яшириб қўйилган бўлиб, тинтув жараёнида уйидан ҳеч нарса топилмайди.
Адолат ва ҳақиқат барибир бир кун қарор топаркан. 1994 йилда Ўзбекистон Олий Суди томонидан унга қўйилган айблов бекор қилиниб, жиноят иши ҳаракатдан тугатилди. Генералнинг юзи ёруғ бўлди. Лекин туҳмат тошлари ва айбсиз айбдорлик изтироблари фидойи ўғлоннинг саломатлигига салбий таъсир қилган эди. Шу боис умрининг охирги йилларида бир неча йил хаста бўлиб, бир жойда ётиб қолди. 2008 йил 28 март куни бу фоний дунёни тарк этди.
Ҳозир ҳам Фарғона шаҳридаги Ойбек номли маҳалла фуқаролар йиғини Бозорбоши кўчасида генерал яшаган 115-уй қандай бўлса, ўша ҳолатича турибди. Яъни, бир қаватли, пастқам, ҳашаматдан холи, оддий, лекин файзли ўзбекона хонадон. Генерал-маёр Салим Собиров умрининг охирги кунларини ҳам шу уйда ўтказган. Айни пайтда унинг кенжа ўғли Қаҳрамон Собиров оиласи билан шу уйда истиқомат қилади.
Абдувосит Сидиқов,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
