Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 2-сафарбарлик гуруҳи инспектори, сафдор Юнусбек Умаров Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган М-39 «Тошкент – Термиз» автомобил йўлининг 982-километрида хизмат олиб бораётганди. Шу пайт унинг қаршисида «Исузи» юк машинаси тўхтади ва автоуловдан тушган ҳайдовчи бу ердан 2-3 километр нарида «Ласетти» катта тезликда зовурга тушиб кетганлигини билдирди. Ходим зудлик билан ҳайдовчи кўрсатган жойга хизмат автомашинасида етиб борди. Йўл-йўлакай ҳамкасбини кўмакка чақиришни унутмади. 

Дарҳақиқат, зовур ичида «Ласетти» ағдарилиб ётганди. Шошилганча чуқурликка тушган сафдор ҳайдовчининг кўкраги рул ва ўриндиқ орасида қисилиб қолганлигини кўрди. Жабрланувчининг боши пастда бўлгани боис автомашина ичига сизиб кираётган сув аёлнинг оғиз-бурнини тўлдиришига оз қолганди. Камига жабрланувчи болдир суягининг очиқ синиши жароҳатини олган ва оёғидан тўхтовсиз қон кетаётганди. Об-ҳавонинг совуқлиги аёлнинг аҳволини янада оғирлаштираётгани яққол сезилиб турарди. 

Тез ҳаракат қилмаса, ҳайдовчи ҳаётдан кўз юмишини англаган Юнусбек Умаров ёрдам бериш чораларини кўра бошлади. Аксига олгандек, ҳайдовчи томондаги эшик очилмади. Шу чоқ ҳамкасби етиб келди ва улар 5 дақиқалик уринишдан сўнг аёлни ташқарига олиб чиқишга муваффақ бўлдилар. Кейин жгут ёрдамида қонни тўхтатишди. Бир муддатдан сўнг тиббий автомашина кўринди... 

Шу тариқа Шароф Рашидов тумани «Ҳавослик» маҳалласида яшовчи М.К.нинг ҳаёти сақлаб қолинди. Сафдор Юнусбек Умаровга раҳбарият томонидан миннатдорлик эълон қилинди.    

Аббос ДАДАСНОВ,

Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 

катта инспектори, лейтенант.