Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳудудидан ўтувчи М–37 автомобил йўлининг 126 километрида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 4-отряд ЙҲБ инспектори, сафдор Ойбек Шерматов шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Cобалт» русумли давлат рақами 30 О 177 МВ бўлган автомашинани тўхтатади. Инспектор ҳайдовчи Нодир Исаевнинг ҳужжатларини текшираётганида транспорт воситасининг олд ён ойналари тусини ўзгартирганлиги (қорайтириш) ҳақидаги рухсатномаси йўқлиги маълум бўлади.

– Мулоқот жараёнида ёш ҳайдовчига транспорт воситасининг олд ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) бўйича ўрнатилган тартибни, қоидабузарликка йўл қўйганини тушунтирдим, – дейди Ойбек Шерматов. – Кейин ушбу ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдончасига жойлаштирдим.

Қилган ишидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига, гўёки, уддабурон Н. Исаев шу жойнинг ўзида қоидабузарлигини ўз фойдасига ҳал этиб, ишга «нуқта» қўйишга киришди. Ва инспектор Ойбек Шерматовга ўзига нисбатан чора кўрмаслик, тўпланган ҳужжатларни Йҳхбга ўтказмаслик ҳамда автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига юз АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилди. ЙҲБ инспектори унга ҳаракатлари ноқонунийлигини, пора бериш-олиш жиноят эканлигини бир неча бор тушунтиришига қарамасдан, ўз фикридан қайтмайди. Натижада ваъда қилган пулларини пора сифатида бераётган вақтида қўлга олинади.

Ойбек Шерматов ўн бир йилдирки, ички ишлар органлари тизимида хизмат олиб боради. Касбга садоқати, хизматдаги фидойилиги сабаб раҳбарият томонидан кўп бора рағбатлантирилган. Отаси Абдуназар ака ҳамда онаси Манзура аянинг дуоларини олтинданда қиммат, деб билгувчи ходим касб-корининг баракасини виждонни сотмаслик, тўғрилик ва ҳалолликда, деб билади. Оила ошиёнида рафиқаси Умидахон билан қизлари Дилнурахон ва Паризодага ҳам ана шундай инсоний фазилатларни юқтириб тарбия қилишмоқда.  

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

 ўз мухбиримиз.

 Самарқанд вилояти.