Чортоқ тумани ИИБ Ташкилий бўлинмаси мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори,
маёр Фотима Ибрагимованинг номини кўпчилик ҳурмат билан тилга олади. Унинг теран фикрлаши, фаолиятида эришаётган яхши кўрсаткичларини ҳам қаҳрамонимизнинг китоб кўп мутолаа қилиши билан боғлаш мумкин.
Фотима болаликдан зукко, тиришқоқ қиз бўлиб, Чортоқ шаҳридаги 53-ихтисослаштирилган мактаб-интернатини тамомлаб, ИИВ Академиясида ўқиб юрган кезларида ҳам бўш вақтларини беҳуда ўтказмас эди.
– Ўзбек адабиётининг ноёб дурдоналарини ўқирканман,
Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Саид Аҳмад, Мирмуҳсин, Пиримқул Қодиров, Асқад Мухторнинг асарларида ўзбекона руҳ сезилиб туради. Миллатимизнинг ўзига хос урф-одатлари, қадриятлари, юксак инсоний фазилатлари бутун бўй-басти билан намоён бўлади, – дейди Фотима ўз фикрлари билан бўлишиб.
Яқинда Наманган вилояти Иибда аёл ходималар ҳамда ИИВ Наманган академик лисейи ўқувчилари ўртасида ўтказилган
«Энг яхши китобхон ходима» кўрик-танловида Фотима Ибрагимова фахрли биринчи ўринни эгаллади.
– Бу каби танловлар топқирлик, мушоҳада этиш салоҳиятингизни, билимингизни оширади. Айни пайтда танловнинг республика босқичига тайёргарлик кўряпман. Дўстона учрашувларда республикамиз вилоятларида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз билан яқиндан танишамиз, тажриба алмашамиз. Олға боришга, ўз устимизда ишлашга ундайдиган бу каби танловлар ички ишлар соҳасида ҳам ўтказилаётгани нур устига аъло нур бўлмоқда, – дейди танлов ғолибаси Фотима Ибрагимова.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
