Уйчилик Тоҳир Салаев (исм-фамилия ўзгартирилди) мева савдоси билан шуғулланиб, оиласини бир чиройли таъминлаб келаётганди. Лекин, нафс аталмиш шайтон қутқусига учдими, бундан келаётган даромад кўзига оз кўриниб, қинғир йўлларни кўзлай бошлади. Аслида муқаддам икки бор судланиб жазо ўтаган шахс “Сутда оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, деган ҳикматга амал қилиши лозим эди. Қолаверса, халқимиз “Барака – ҳалол савдода”, деб бежиз айтмаган.

У тергов жараёнида аниқлашнинг имкони бўлмаган шахс билан тамаки маҳсулотларини сотиб олиш мақсадида жиноий тил бириктиради. Биринчи марта 500 қути ҳеч қандай ҳужжати ва аксиз маркаси бўлмаган “Милано” номли тамаки маҳсулотларини сотиб олиб, Тошкент шаҳар “Қўйлиқ” деҳқон бозорида номаълум шахсларга сотиб юборди. Қараса яхшигина фойда қолар экан.

Орадан бир ойча ўтиб, бу сафар оз эмас-кўп эмас, 15 000 қути сигаретни ўзининг “Мерседес Бенз” русумли автомашинасига юклаб пойтахтга жўнади. “Кўза кунда эмас, кунида синади” деганларидек, унинг улови Поп туманидаги “Наманган” ЙПХ масканида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тўхтатилиб, текширилди. Аммо Тоҳир аксиз маркаси бўлмаган 15 000 қути “Милано” номли тамаки маҳсулотларига ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади. Ноқонуний маҳсулотлар текшириб кўриш учун ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, жами 92 625 000 сўмга баҳоланган тамаки маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилган. Номаълум шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, кўп миқдордаги тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритган Т. Салаэв Жиноят кодексининг тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, қилмишига яраша жазога тортилди. 

Аловидин ИМОМОВ,

подполковник.

Наманган вилояти.