– Падари бузрукворим аслида риштонлик, лекин тақдир тақозоси билан Гулистон давлат университетида таҳсил олган, – дейди лавҳамиз қаҳрамони отасини хотирлаб. – Ўқишни тамомлагач устозларининг маслаҳати билан 1996-йилда Гулистон шаҳар Иибга профилактика инспектори бўлиб хизматга кирган. Кейинчалик Оқолтин туманида профилактика инспектори, жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили лавозимларида фаолият юритган. Минг афсуски, 2002-йил октабр ойида 32 ёшида хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган. Отам вафот этганида 7 ёшли қизалоқ эдим. Ўша кундан буён онам менга: «Катта бўлсанг, ички ишлар органи ходими бўласан. Отангнинг руҳини шод этиб, ишини давом эттирасан», деб уқтириб келди. Ана шу мақсад йўлида тинмай ўқиб, изландим ва шукроналар бўлсинки, орзуларимга етдим. Аммо юрагимда бир армон бор: шу кунларимни, эришган ютуқларимни отам кўришини жуда-жуда хоҳлар эдим.
Лавҳамиз қаҳрамони 2010-йилда Фарғона шаҳридаги Ҳуқуқшунослик коллежига ўқишга кирди. Кейинчалик 2013–2017-йилларда ИИВ Академиясида таҳсил олди. Дастлаб Фарғона шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида хизмат фаолиятини бошлади. 7 йил шу соҳада тажриба тўплади.
2024-йилдан Қувасой шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимида хизмат қилмоқда. Шаҳар ҳудудида хотин-қизлар жиноятчилигини жиловлаш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида маҳалла еттиликлари билан ҳамкорликда «хонадонбай» ва «фуқаробай» ўрганишлар олиб борди. Мазкур жараёнда 13 нафар аёлни ишга жойлаштиришга кўмаклашди. Унинг тавсияси билан 32 нафар аёлга моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Лавҳамиз қаҳрамони 8 нафар аёлнинг даволанишга муҳтожлигини аниқлаб, тиббиёт масканларига юборди, 22 нафар аёлга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайта тиклашда амалий ёрдам кўрсатди, 3 нафар аёлга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашди, 3 нафар хотин-қизни эса Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлади.
Айни пайтда Қувасой шаҳрида истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг 259 нафари ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида туради. Гулшодахон Ўктамова асосий эътиборни шу тоифадаги аёлларга қаратиб, уларнинг ҳар бирига тарбиячи-мураббий бириктирди. Улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида ҳуқуқшунослар, психологлар ва отинойилар иштирокида 10 маротаба давра суҳбатлари ҳамда тренинглар ўтказди.
Жонкуяр катта инспектор зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этиш билан бирга, соҳа ходимлари ўртасида ўтказилаётган турли кўрик-танловлар, «Заковат» интеллектуал ўйини ва спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, «Фидойи аёл ходима» кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб, жорий йил бошида ички ишлар органлари тизимидаги хотин-қизларнинг иккинчи республика форумида муносиб иштирок этди.
Гулшодахон Ўктамова каби шахт-у шижоатли, ҳамиша илмга интиладиган, Барчинойдек оқила, жасорат бобида Тўмарисдан ўрнак олган хотин-қизлар соҳанинг чинакам маликаларидир.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.