Яқинда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтининг ҳудудий филиалида Қорақалпоғистон Республикаси Иивнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари учун шакллантирилган амалдаги ва истиқболли ёш раҳбар кадрлар заҳирасига киритилган ходимларнинг касбий, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва психологик билимларини янада ошириш бўйича ўтказиладиган ўқув йиғини олдидан учрашув бўлиб ўтди.

Маълумки, ички ишлар органларида раҳбар кадрларга бўлган эҳтиёж асосида амалдаги ва истиқболли ёш кадрлар заҳирасини шакллантириш, уларни бугунги кун талабларига мувофиқ қайта тайёрлаш ва малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш, замонавий раҳбар кадрлар тизимини яратиш, шунингдек, раҳбар кадрлар алмашинуви эҳтиёжларини комплекс мониторинг қилиш ҳамда уларни босқичма-босқич мўлжалланган лавозимларга тайёрлаб бориш долзарб масала ҳисобланади.

Шу муносабат билан ташкил этилган учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник И.Ахмедов иштирок этди. У ўз сўзида жорий йилнинг 12 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Иивнинг кенгайтирилган Ҳайъат мажлисида мамлакат Президенти томонидан амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимларига қўйилаётган асосий талаблар ва аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасизлик муносабатини шакллантиришга қаратилган самарали ишларни амалга ошириш ҳар бир ички ишлар органлари ходимининг асосий вазифаси эканлигини келтириб ўтди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Малака ошириш институтининг ҳудудий филиал раҳбари подполковник С.Алламбергенов ўқув йиғинига жалб қилинган ходимларга Ўзбекистон Республикаси Иивнинг 2018 йил 25 сентабр кунидаги «Ички ишлар органларида раҳбар кадрлар заҳирасини шакллантиришнинг самарали тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғининг мазмун-моҳияти ҳамда ўқув йиғинининг асосий мақсади, вазифалари ва кун тартиби ва ўқув-хизмат интизоми юзасидан кенг тушунтиришлар берди.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

“Постда” мухбири.