Бугун Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Миграция ва персо­наллаштириш бошқармаси бўлим катта инспектори, сержант Асқаржон Каримов ҳамда бош бошқарманиниг Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика хизмати Ҳуқуқий статистика маркази инспектори, катта сержант Мафтуна Эркабоеванинг меҳр-оқибат, аҳил-иноқлик ва ўзаро ҳурмат устувор бўлган оила қўрғонига ҳавас қилса арзийди.

– Ўғлим Асқаржон ҳуқуқ­шунослик йўналишида ўқишни тамомлагач, ички ишлар органларида хизмат қилиш истаги борлигини айтди, – дейди истеъфодаги подполковник Шавкатжон Обидов. – Мен соҳанинг ўзига яраша мураккаб ва масъулиятли томонлари борлигини, бу касб кишидан алоҳида сабр ва қатъий ирода талаб қилишини тушунтирдим. Бу сўзла­рим унинг қарорини янада мустаҳкамлади. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, хиз­мат бошлагани­да қувончим ичимга сиғмади. 

Шундай кун­ларнинг бирида онаси Сурайёхон келин тушириш ҳақида сўз очиб қолди. Асқар­жон бироз истиҳола билан тизимда ишлайдиган бир қизни кўз остига олиб юрганини айтди. Чин тақдир экан, Мафтунахонни Ўрта Чирчиқдан Бўкага келин қилиб олиб келдик. Бугун фарзандлари­мизнинг нафақат оилада, балки хизматда ҳам бир-бири­ни тушуниб, елкадош бўлиб ишлаётганини кўриб қувона­миз. Онаси иккимиз доим уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз.

Ҳа, боғбон ниҳолни тўғри парваришласа, унинг куртак очган новдалари кенг қулоч ёзиб, катта дарахтга айланади. Лавҳамиз қаҳрамонлари ҳам ота-оналари дуоси ва қўллаб-қувватлаши билан ҳаёт ҳамда хизмат йўлларида қўшқанот бўлиб одимлашмоқда. Бунда Асқаржоннинг оғир-босиқлиги ва мулоҳазакорлиги, Мафтунахоннинг самимиятга йўғрилган меҳри ва оқилалиги бир-бирини тўлдиради.

– Хизмат билан оилани, айниқса, фарзанд тарбиясини бирдек олиб бориш осон эмас, – дейди катта сержант Мафтуна Эркабоева. – Бу борада менга қайнонам доим суянч бўлиб келадилар. Катта қизимиз Муборакхон тўрт ёшда, кичиги Меҳрибон эса эндигина иккига кирди. Бувижонисини инжиқлиги-ю эркаликларини кўтариб, мен ишда бўлган вақтимда уларга ғамхўрлик қиладилар. Ишдан кечроқ қайтган пайтларимда фарзандларимнинг қорни тўқ, уст-боши тоза, ошхонада эса иссиққина овқат тайёр турганини кўриб, қайнонамнинг бағри­кенг­лигига тан бераман. 

Масъулиятли ва шарафли касб эгалари бўлган Асқаржон ва Мафтунанинг хонадони оилавий бахт ва касбий фидойилик уйғунлашган ҳақиқий ибрат қўрғонидир. Зеро, юрт осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ходимнинг оиласи тинч ва аҳил бўлса, унинг фаолиятида самара, ҳаётида барака бўлади. Мана шундай файзли хонадонда камол топаётган фарзандлар ҳам келажакда эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етиши шубҳасиз.


Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

ўз мухбиримиз.

Тошкент вилояти.