Куни кеча Урганч шаҳридаги тантаналар саройига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан вилоят осойишталик посбонларининг бир гуруҳ фидойи ходимлари, фахрийлар ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг яқинлари, шунингдек, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларининг раҳбарлари таклиф этилди. Тантанали тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Д.Назармухамедов сўзга чиқиб, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларига тўхталиб, барчани касб байрами билан самимий қутлади. Шунингдек, бошқарма бошлиғи Президентимиз ва Ички ишлар вазирининг осойишталик посбонлари ва фахрийларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

  Тантанали тадбирда давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган подполковниклар Ғуломжон Шарипов, Зафарбек Ибрагимов ҳамда катта сержант Хасанбой Аллаяровлар давлат мукофотига муносиб кўрилгани билан муборакбод этилди. 

  Хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган ходимлардан бир гуруҳига Ички ишлар вазирининг буйруғига биноан, “Аъло хизматлари учун”, “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, “Фахрий ёрлиқ”лар ҳамда эсдалик совғалар топширилди. 

 Шунингдек, вилоят ички ишлар органларининг фидойи ходимлари ҳамда соҳа фахрийлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишони билан тақдирланди. Тадбирда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг яқинларига ҳам байрам совғалари улашилди.

  Эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, жозибадор рақслар кеча иштирокчиларига манзур бўлди. 

 Худойберган ЖАББОРОВ,

  “Постда” мухбири.