Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари жараёнида ички ишлар органлари учун ҳам янги бинолар қурилаётгани, эскиларининг замонавий кўринишда қайта таъмирланаётгани хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга замин яратмоқда. Жумладан, кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органлари ходимларини аҳолига янада яқинлаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хизмат шароитларини яхшилаш борасида ибратли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Янги йил байрами арафасида Жондор туман ички ишлар бўлими маъмурий биноси қайта реконструкция қилиниб, капитал таъмирдан чиқарилди. Барча ходимларга шинам, замонавий мебел билан жиҳозлаган хизмат хоналари ажратилди. Шунингдек, туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи, Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи, Пробация гуруҳи, қолаверса, кинология хизмати, кутубхона, маърифат зали, душ, ошхона сингари янги бинолар ҳамда сунъий қопламали минифутбол ўйингоҳи ҳам битказилиб фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказининг маъмурий биноси замонавий лойиҳа асосида қуриб битказилди. Мазкур иншоот кўркам ва шинам хоналардан иборат бўлиб, зарурий мебел жиҳозлари ва бошқа ускуналар билан таъминланди. Тантанали очилиш маросимида вилоят прокурори М.Истамов, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Ш.Алиев, Когон шаҳар сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди. Сўнгра иштирокчилар ҳамкорлигида муассаса шахсий таркиби ҳамда унда сақланадиган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Қолаверса, марказда сақланаётган шахсларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг мурожаат ва муаммолари ўрганилди. Яна улар учун байрам дастурхони тузатиш мақсадида Когон шаҳар ҳокимлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Қисқаси, мазкур масканларда осойишталик посбонларининг самарали хизмат олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилди. Эндиликда улар халқимизнинг мушкулини осон қилибгина қолмай, муаммоларини бартараф этишади. Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳамда унга қарши курашишда фаоллик билан хизмат қилишади. Энг асосийси, янги хизмат хоналарининг топширилиши ходимлар учун чин маънода байрам туҳфаси бўлди, десак, адашмаймиз.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
