Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи, подполковник Шаҳбоз Неъматжонов ва унинг турмуш ўртоғи, вилоят ИИБ Ҳуқуқий статистика ва тезкор ҳисоб-маълумотлар маркази етакчи мутахассиси, подполковник Гулноза Неъматжонова билан гурунгимиз ўз-ўзидан қовушиб кетди. Уларнинг, айниқса, «агар фарзандларимиз ҳам шу касбни танлашса хурсанд бўламиз» деган сўзлари қалбда ўзига хос тўлқин ҳосил қилди. Бу ўн беш йил давомида жиноятчиликка қарши не-не тунларни изланишда ўтказган, яхши-ёмон кунларда бир-бирига елкадош бўлган қўшқанотларнинг ўз касбини нечоғлик севишидан далолат эди. 

... Шаҳбозга ИИВ Академиясига ўқишга кириш деярли қийинчилик туғдирмади. Барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, елкасига курсантлик погони тақилгач, у инсон астойдил ҳаракат қилса, орзусига албатта етишишига амин бўлди. Бу ишонч ушбу даргоҳда муваффақиятли таълим олишига ҳам ижобий таъсир қилди. 

Академиядаги таҳсил жараёни қизғин ўтар, таниқли ҳуқуқшунос олимлар, шу касбга умрини бағишлаган етук раҳбар ходимларнинг маърузаларини тинглаш жуда қизиқ эди. Баъзан дарс жараёни қизғин баҳсларга уланиб кетарди. Ана шундай кунларнинг бирида Шаҳбознинг эътиборини кўзлари ёниб турган хушруйгина бир қиз тортди. Унинг ўринли фикрлари, баҳсда ўзини босиқ тутиши эътиборга молик эди. 

Хуллас, уларнинг танишуви шу тарзда бошланди. Қарангки, бу танишув умр йўлларини ҳам туташтирди. Академияни тугатгач, икки ёш оила қурди. Шаҳбоз Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ИИБ Тергов бўлимида терговчи, Гулноза эса Тошкент шаҳар Ииббда худди шу лавозимда хизматни бошлади. Улар Тошкент вилоятида истиқомат қилишар, ҳар иккаласи ҳам ишдан кеч қайтарди. Лекин бу ҳолат уларнинг ўзаро аҳил-иноқ яшашига заррача таъсир қилмасди. Аксинча, хизматдаги дастлабки қийинчиликларни енгишда улар бир-бирига доим кўмак беришар, бундай елкадошлик кўпчиликнинг ҳавасини келтирарди. 

– Мен ҳар томонлама бахтли оила вакиласиман, – дейди Гулноза Неъматжонова. – Орзумдаги касбга ва оилага эришдим. Бундай муштараклик хизматда ва оилавий ҳаётда жуда қўл келмоқда. Нимагаки эриш­ган бўлсам, бунда турмуш ўртоғимнинг ўрни катта. 

Шаҳбоз Неъматжоновнинг отаси Неъматжон Ҳабибуллаев ўттиз йилдирки адвокатлик фаолияти билан шуғулланади. Ҳуқуқшуносликка қизиқиш ўғлига отасига ҳавасдан бошланган. 

– Ҳар бир ота учун фарзанд камоли – улуғ бахт, – дейди Неъматжон Ҳабибуллаев. – Фарзандим Шаҳбозжон болалигидан ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қиларди. Интилди ва орзусига етди. Ўғлим ва келиним Гулнозахоннинг эришаётган ютуқларидан доим қувонаман. Улар эл хизматида бўлишни ўзларининг бурчи деб билишади. 

Шаҳбоз ва Гулнозахон – бахтли оила соҳиблари. Уларнинг уч нафар ўғил фарзанди бор. Биргаликда Шердиёр, Имронбек, Камронбекларни тарбиялаётган бу инсонларга ҳамма ҳавас билан қарайди. Улар агар қайта умр берилса, яна шу касбни, яна бир-бирини танлашларини айтишганида, ўз касбига ва оиласига садоқатнинг юксак намунасига гувоҳ бўлдик. Бу ўрнак олса арзийдиган юксак фазилатдир. 

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,

ўз мухбиримиз.

Сирдарё вилояти.