Тарихда аёллар орасида ўзининг жасорати, илм-у урфон йўлидаги фидойилиги, давлат бошқарувидаги юксак салоҳияти билан мангулик лавҳидан жой олганлари ҳам талайгина. Жамият ривожи, юрт тараққиёти, эл осойишталиги йўлида самарали хиз­мат қилган Ойимсара Эргашевани ҳам ана шундай фидойи аёллардан бири эди, десак, асло янглишмаган бўламиз.

1941-йил Сурхондарё вилояти­нинг Шеробод туманида туғилган, мактабда аъло баҳоларга ўқиган, тиришқоқ, изланувчан Ойимсара етуклик шаҳодатномасини қўлга олгандан сўнг, Қарши педагогика институтига ҳужжат топширди. Омади чопиб, рус тили факултетига ўқишга қабул қилинди. Институтни битириб, ўрта мактабда рус тилидан болаларга сабоқ берди. Мактабда ишлаш билан бирга, вилоят ИИБ Тергов ҳибсхонасида икки йил таржимонлик ҳам қилди. Ундаги соҳага бўлган қизиқиш ва иштиёқ, энг муҳими, ички ишлар идоралари ходимига хос қатъиятни сезган вилоят ИИБ раҳбарияти О.Эргашевани соҳага таклиф этди.

Дастлабки фаолиятини бошқарма ХЧК ва Фрбда катта инспектор сифатида бошлаган ёш ходима ўз устида тинимсиз ишлаб, соҳага оид билимларини бойитди. Олти йил шу соҳада хизмат қилган Ойимсара Эргашева ўз иқтидори ва салоҳияти, ҳужжат тартиботи борасидаги тажрибаси билан ҳамкасблари эътиборини қозонди.

Шундан кейин Ойимсара Эргашеванинг фаолияти вилоят ИИБ котибият бўлими билан чамбарчас боғланди. Ўн йил котибиятда бошлиқ бўлиб ишлаган кез­ларда ҳам опанинг тажрибаси қўл келди. Бошқарманинг турли соҳалари ва шаҳар-туман ички ишлар бўлимларида иш юритиш, фуқароларнинг турли мазмундаги мурожаатларини саралаш, ариза, шикоятлар муаллифларига жавоб хатлари тайёрлаш борасида жонбозлик кўрсатди. 

У жамоат ишларида ҳам фаол эди. Бошқарма хотин-қиз­лар қўмитаси аъзоси сифатида ички ишлар идораларида хизмат қилаётган шаҳодатланган ва ёлланиб ишловчи хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этишда фидойилик кўрсатди.

Ойимсара Эргашева бироз муддат жамоат тартибини таъминлаш бўлимида катта инспектор лавозимида фаолият кўрсатди. Бу лавозимда ҳам самарали хизмат қилди. Шаҳар-туманлар ички ишлар бўлимларида хизматни режалаштириш, амалга оширилган ишларни тартиб билан йиғма жилдга тахлаш ва таҳлил қилиш борасида ўзига хос мактаб яратди. 

Опанинг эл осойишталиги йўлидаги хизматининг сўнгги беш йили яна бошқарма котибияти билан чамбарчас боғланди. Ойимсара Эргашева котибиятга раҳбарлик қилган мустақиллик йилларида соҳада ўзига хос ўзгариш ва бурилишлар бўлди. Тизимнинг кўплаб соҳалари­да иш юритиш рус тилидан ўзбек тилига ўтди. Ўша даврда кўплаб ҳужжатларни ўзбек тилига ўгириш, давлат тилида иш юритиш борасида мутахассис сифатида опанинг хиз­матлари ниҳоятда катта бўлди. 1993-йилда Ойимсара Эргашевага «полковник» махсус унвони берилди. Орадан икки йил ўтгач пенсияга чиқди.

Ойимсара опанинг ҳаётда эриш­ган ютуқларида турмуш ўртоғи Ҳусан Эргашевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Улар икки ўғилни тарбиялаб вояга етказишди. Катта ўғли Азиз Эргашев онаси изидан бориб, ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб, маёр унвони билан пенсияга чиқди. Айни кезларда унинг тўнғич фарзанди подполковник Руслан Эргашев ҳам ички ишлар органларининг тезкор қидирув хизматида фаолият кўрсатмоқда.

Ҳа, бугун вилоятнинг биринчи полковник аёли Ойимсара Эргашева орамизда бўлмаса-да, унинг эзгу ишлари ҳамон мева бермоқда, ўзи қалбларимизда яшамоқда.

Содиқ Раҳимов, 

ўз мухбиримиз.

Қашқадарё вилояти.