Рустам (исми ўзгартирилди) ҳам қоидаларга беписандлик билан қарайдиганлар тоифасидан чиқиб қолди. Айниқса, улфатчилик деб, «шайтон суви»­га муккасидан кетди. Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, рулга ўтирган Рустам бу гал манзилига ета олмади. Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ саф бўлинмалари йўл-патрул хиз­мати баталёни иккинчи отряд 

учинчи сафарбар гуруҳи инс­пектори, лейтенант Бунёд Яздонов Самарқанд шаҳри кўчаларида хизмат олиб бориш жараёнида шубҳали кўринган «Дамас» автомашина­сини тўхтатиб, ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсирида транспорт бошқариб юрганини аниқлади. Унга нисбатан маъмурий жазо қўлланилиб, автомашина вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.

Рустам ЙПХ инспекторига автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш ва расмийлаштирилган маъмурий баённомани йўқ қилиш эвазига 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилади. Инспектор унинг таклифини кес­кин рад эца ҳам, қоидабузар фикридан қайтмайди.

– Пулни олинг-да, ишга нуқта қўйинг, деб туриб олди, – дейди лейтенант Бунёд Яздонов. – Унга пора таклиф қилиши ўринсиз эканлигини тушунтирдим. Аммо у хатосини пора эвазига «ёпди-ёпди» қилиш кераклигини айтди. Бу каби хато кейинги хатони келтириб чиқариши ва кутилмаганда содир бўладиган кўнгилсиз ҳодиса кимнингдир умрига зомин бўлишини ўйлаб, раҳбариятга билдирги ёздим.

2021-йилдан бери тизимда хизмат қилиб келаётган Бунёд Яздонов ҳалоллик, бурчга садоқат, қасам­ёдига содиқликни олтин қоидага айлантирган. Отаси Ихтиёр ака, онаси Насиба опанинг «Тўғрисўзлик ва ҳалолликда ҳикмат кўп, танлаган касбингда барака топай, ҳаётда муваффақиятларга эришай, десанг, виждон амрига қулоқ сол», деган насиҳатларига амал қилиб кам бўлмаяпти. Рафиқаси Ирода­хон билан фарзандлари Иймона ва Билолжонни аҳил-иноқликда тарбиялашмоқда. 

Аслида, ҳаётнинг мазмуни, бахтнинг калити, муваффақиятларнинг сири ҳам ҳалолликда.

Умида МАМАДАЛИЕВА.

Самарқанд вилояти.