1987-йилда ташкил этилган маҳалладаги 41 та кўп қаватли уйда 1 990 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 5300 нафардан ортиқ аҳоли аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва соғлом турмуш тарзи таъминланиши учун ҳудудда 20 та болалар, 11 та wоркоут, 3 та мини-футбол майдончаси ва замонавий теннис корти барпо этилган. Шунингдек, иккита мактабгача таълим ташкилоти жажжи болажонларни ўз бағрига олган.
– Давлатимиз раҳбари маҳалламизда яратилган боғнинг бетакрорлигини, бу ердаги муҳит бутун республика бўйлаб жорий этилиши лозим бўлган андаза эканлигини таъкидлади, – дейди маҳалла раиси Нуриддин Очилов. – Бу биз учун фахр ва ўз навбатида катта масъулият. Бу тажрибани бутун мамлакатга ёйиш кераклигини, айниқса, кўп қаватли уйларнинг фасад қисмига ишланган деворий тасвирий санъат намуналари ҳудудга замонавий руҳ бағишлаганини ҳам алоҳида эътироф этди.
Маҳалланинг «яшил» тоифада қолишида еттилик ҳамда профилактика инспекторлари – капитан Жолдас Мўминов ва лейтенант Рустам Дўсматовнинг ҳамкорликдаги фаолияти алоҳида ўрин тутади. Туман ИИОФМБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати билан ҳамкорликда замонавий технологияларнинг жорий этилиши эса бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг асосий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳудуддаги кўп қаватли уйларнинг ҳар бирига 2 тадан «ташвиш тугмалари» ўрнатилган. Бирор бир фавқулодда воқеа юз берганида унинг тугмаси босилса, бу хабар шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати мониторинг марказига тушади ва тез фурсатларда чора кўрилади. Маҳалла боғининг марказига ўрнатилган кузатув камераси 150 метр масофани ёритиш ва 100 метрли кенгайтирилган тунги кўриш имкониятига эга. Бу ҳудудни тун-у кун тўлиқ назорат қилиш имконини беради.
– Охирги йилларда маҳалламиз мисли кўрилмаган даражада обод бўлди, – дейди Озода Ялғашова. – Илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган шароитлар яратилди. Бу кўчаларнинг текислиги ёки қоронғида чироқларнинг чароғон бўлиши баробарида, хавфсизлигимиз ва ҳордиқ чиқариш учун яратилган кўркам боғда ҳам яққол намоён бўлиб турибди.
Маҳаллада барпо этилган боғ, ҳар бир ўзгариш ва ўрнатилган замонавий технологиялар асосидаги ускуналарнинг замирида халқимизнинг розилиги ҳамда эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончи мужассам. Бунёдкорлик нафақат кўчалар кўркида, балки одамлар дилидаги хотиржамлик ва юзидаги табассумда ҳам ўз аксини топмоқда. Бир сўз билан айтганда, «Боғимайдон» тажрибаси бугунги янгиланаётган мамлакатимиз маҳаллаларининг энг ёрқин ва намунали қиёфасидир.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
Икром ҲАСАНОВ олган суратлар.
