Зарафшон шаҳрининг «Олтин водий» маҳалласида истиқомат қилувчи Олия (исмлар ўзгартирилди) Воҳид билан танишиб, кейинчалик яхши ниятлар билан турмуш қуришди. Аммо фарзандли бўлганидан кейин, оилавий келишмовчиликлар юзага чиқа бошлади. Олия борига қаноат қилмай, ҳадеб турмуш ўртоғининг кам топишидан нолийверарди. Шу алфозда йиллар ўтиб, қизи Нодира 6 ёшга тўлди. Ўзаро жанжаллар оқибатида охири эр-хотин ажримгача боришди. Ўртада бола сарсон. Ҳали Олия қизини ота уйига олиб кетади, ҳали Нодирани отаси яширинча қайтариб олиб келади. 

Ушбу ҳолатни ўрганган Зарафшон шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаган ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, капитан Ситора Бобоқулова эр-хотинни муросага келтиришга кўп уринди. Аммо фойдаси бўлмади. Шундан сўнг қизчага ҳимоя ордери беришни таклиф қилди. Оилавий низо судгача етиб борди. Ажрим бўлгач, қизча отаси қарамоғига қайтарилди, онаси эса кўп ўтмай хорижга ишлаш учун кетди.

Шу ўринда ота-онанинг фарзанд тарбиясига лоқайдлиги қандай оқибатларга сабаб бўлишига яна бир мисол келтирсак. Эр-хотин ўғилларини энди ақлини таниб олди, катта бўлиб қолди, бу ёғига ўзини эплайди деб ўйлашдими, уни ўз ҳолига ташлаб, чет элга ишлагани кетишди. Мактабнинг битирувчи синфида ўқийдиган Жасур уйида ёлғиз қолди. Натижада бир неча бебош ўртоқларига қўшилиб зарарли одатларни ўргана бошлади. Тунги рейдларнинг бирида унинг кўча-кўйда назорациз юргани аниқланди. Ўсмирнинг турмуш шароити ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлгач, капитан Ситора Бобоқулова дарҳол унинг ота-онаси билан боғланиб, вазиятни тушунтириб, уларнинг фарзанд олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини тушунтирди. То ота-онаси қайтгунга қадар Жасурни вилоят ИИБ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирди. Бир ойдан сўнг ўсмирнинг онаси қайтди. Ситора суҳбат давомида ўғли жиноят кўчасига кирмасидан унинг тарбияси билан жиддий шуғулланиши лозимлигини аёлга тушунтирди. 

Капитан Ситора Бобоқулова ёш, интилувчан ходималардан бири. Аввал, Хатирчи тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қиз­лар масалалари бўйича инспектори 2022-йилдан буён эса Зарафшон шаҳрининг вояга етмаган ёшлари билан тизимли ишлар олиб боряпти. 

Лавҳамиз қаҳрамони шаҳар ҳудудида жиноят содир этишга мойил 

70 нафар ёшнинг ҳар бири билан якка тартибда суҳбатлашиб тушунтириш ишлари олиб боряпти. Маҳалла ва мактаблар маъмурияти билан ҳамкорликда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт мусобақалари, китобхонлик тадбирлари уюштириб, уларни тўгаракларга жалб этади.