Шароф Рашидов туманининг Бобур Мирзо номли маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ш.А. пул учун ҳар қандай қабиҳликдан тоймайдиганлар тоифасидан. Жумладан, ора-сира Туркия ва Россияга «тирикчилик» важи билан чиқиб турадиган ушбу шахс Москвада бир муддат ижтимоий тармоқ орқали наркотик ва психотроп моддалар савдоси ҳамда ушбу воситаларни «мижоз»ларга етказиш билан шуғулланди.

Бу ҳам етмаганидек, у одамфурушлик ортидан пул топмоқ ташвишига тушиб қолди. Чунончи, ўзининг доимий яшаш манзилига қайтгач, фоҳишалик билан шуғулланиш учун одам ёллай бошлади. Бу ҳақида хабар топган вилоят ИИБ ТҚХ ЖҚБ УЖҚКБ одам савдосига қарши курашиш бўлинмаси ходимлари фуқарони кузатувга олишди.

Мазкур жараёнда у Жиззах шаҳрининг «Кимёгар» маҳалласида вақтинчалик рўйхатда туриб, яшовчи С.Ж. ҳамда Ғаллаорол туманининг «Бахт» маҳалласида истиқомат қилувчи С.П.ни ойига 2–3 минг АҚШ долларидан пул топишларига ишонтириб, Россия Федерациясида фоҳишалик қилишга кўндирганлиги аниқланди. 

Натижада гумон қилинувчи икки нафар аёлни аэропортга олиб кетаётганида қўлга олинди. Шундан сўнг Ш.А.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида жинсий қуллик учун олиб кетилаётганларнинг фотосуратлари топилди. Терговга қадар суриштирув давомида гумон қилинувчи қизларнинг суратларини ижтимоий тармоққа жойламоқ ниятида олганлигини билдирди.

Жорий йилнинг ўтган даврида бўлинма айни мазмундаги учта жиноятни фош этди. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ўқув муассасалари, шунингдек, темирйўл бекатларида одам савдосига қарши 50 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Мазкур жараёнда фуқаролар хорижий давлатлар қонунчилиги, юзага келиш мумкин бўлган хатарлар ҳамда кўмак олиш мумкин бўлган ташкилотларга оид тарқатмалар билан таъминланяпти.  

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда профилактик чиқишлар қилинмоқда. Қолаверса, чет элда узоқ муддат бўлган шахслар билан мулоқотлар ўтказилмоқда. 

Содиқ ҚЎЧҚОРОВ,

маёр.

Жиззах вилояти.