Байрам арафасида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси тарихи музейи очилди. Унинг очилишида фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Халқимизда хайрли амалларни унутмаслик, умрини эзгу ишларга бағишлаган инсонларнинг хотирасини ёд этиш, абадийлаштиришдек яхши анъана мавжуд. Айниқса, халқимизнинг тинчлик- осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишдек улуғ ишга бош қўшган инсонларнинг хизматларини эътироф этиш, келажак авлодга улар ҳақида маълумот бериш ҳам хайрли ишлардан. Ушбу ижобий мақсадни кўзлаган Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти истиқлолимизнинг 30 йиллиги байрамига ўзига хос тўёна тайёрлади. Сирдарё вилояти ИИБ тарихи, соҳа фидойилари ҳақидаги маълумотлар, мустақиллик йилларида ички ишлар органлари томонидан қўлга киртилган ютуқларни ўз ичига олган музей ўз ишини бошлади.
Музейда шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш жараёнига оид фото, медиа материаллар, экспонатлар ўрин олган. Замонавий интерер ва дизайн услублари асосида шакллантирилган музей барчада катта таассурот қолдирди.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти.
