Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдаги 73-сессиясида вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Ш.Алиевнинг ҳисоботи тингланди. Ҳисоботда таъкидланишича, вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш, барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини жойларда тизимли ташкил этиш, жамоатчилик билан алоқаларни кучайтириш, жамоат тартиби ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, 2022-йилда вилоятда 5 минг 175 та жиноят қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 92 тага ёки 1,8 фоизга камайган. Қайд этилган жиноятларнинг 100 минг аҳоли сонига нисбати ўртача 261,8 тадан тўғри келган ва бу кўрсаткич 2021-йилга нисбатан 3,2 тага камайишига эришилган. Рўйхатга олинган жиноятларнинг 30,2 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ташаббуси билан аниқланган. Амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йилда вилоятдаги 544 та маҳалланинг 252 таси жиноят содир этилмаган. Жами қайд қилинган жиноятларнинг ўсиш суръати барча туман ва шаҳарларда камайганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, ёшлар, аёллар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони сезиларли камайишига эришилган. Қолаверса, вилоятнинг айрим маҳаллаларида аҳоли сони 8 мингдан ортиқ эканлиги, маҳаллалар ҳудудида савдо объэктлари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларнинг ҳам мавжудлиги, бу эса профилактика инспекторининг иш ҳажмига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаётганлиги, бунинг натижасида маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактик ишлар етарли даражада ташкил этилмаётганлиги оқибатида мазкур ҳудудларда криминоген вазият юқорилигича қолмоқда. Буларни ҳисобга олганда, Бухоро шаҳри, Бухоро, Ғиждувон, Когон, Қоракўл ва Шофиркон туманларидаги 22 та маҳалла ҳудудига 1 нафардан профилактика инспектори штат бирликларини жорий этишни тақозо қилмоқда.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.