Ҳаёт инсон учун берилган имконият. Ундан ўзининг тафаккури, ёниқ қалби билан тўғри фойдаланган инсон бежиз, беиз яшамаган бўлади. Мамлакатимиз Ички ишлар вазирлиги тизимида узоқ йиллар садоқатли хизмат қилган, соҳада кадрлар тайёрлашда алоҳида ташаббус кўрсатган юридик фанлар доктори, профессор, милиция генерал-маёри, Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Тожихонов ана шундай фидойилардан эди.
Убайдулла Тожихонов 1940 йил 1сентябрда Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилояти Сайрам туманидаги Сайрам қишлоғида, зиёли оиласида таваллуд топган. Ота-онаси берган таълим-тарбия, ўзининг ҳуқуқшуносликка бўлган қизиқиши ва саъй-ҳаракати уни ички ишлар органлари ходими бўлишга ундайди. Дастлаб, 1957–1959 йилларда Тошкент ўрта махсус милиция мактабида, кейинчалик, 1959–1965 йилларда Тошкент давлат университетининг юридик факултетида сиртдан таҳсил олади. Танлаган касбига астойдил меҳр қўйган Убайдулла Тожихонов ўқиб юрган пайтларидаёқ тажрибали ходимга айланиб улгурганди. Ва бу тажриба у 1959–1982 йилларда Тошкент ва Наманган вилояти ички ишлар органларида оддий ходимдан то раҳбарлик лавозимларига қадар бойийди.
Педагоглик ва илмий фаолиятини 1982 йилда собиқ иттифоқ Ички ишлар вазирлиги Тошкент олий мактабининг маъмурий ҳуқуқ кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган Убайдулла Тожихонов кейинчалик мазкур кафедрада катта ўқитувчи, кафедра бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланди.
1986 йил 6 март куни тўсатдан Гдлян ва Ивановлар гуруҳи куппа-кундузи Тошкент олий мактабида ҳамманинг кўз ўнгида Убайдулла Тожихоновнинг қўлларига худди хавфли жиноятчи каби кишан солиб, ҳудуд бўйлаб намойишкорона қамоққа олиб кетишади. Сўроқлар пайтида терговчи Иванов доим У. Тожихоновдан нолир, ҳеч қандай маълумот бермаётгани учун ҳам қамоқда ўтирганини эслатишдан эринмас, бу «хато»ни тузатиш мумкин, деб таъкидлар эди. Гдлянчилар унга бир рўйхатни кўрсатиб, мана шу кишиларнинг ҳаммасига пора берганман, деб маълумотнома ёзиб, гувоҳлик беришини қайта-қайта таклиф этишган. Маълумот ололмагач, У. Тожихоновни Москванинг энг «таниқли» қамоқхоналарида сақланаётган рецидивистлар билан бир камерага жойлаштириб, қийноққа солишган. Рецидивистлар унинг ўнг қўли кафтининг қоқ ўртасига бигиз қоқишдек худбинликкача боришган. Убайдулла Тожихонов қийинчиликларга сабр, ирода билан чидайди, роппа-роса уч йилу йигирма уч кун қамоқда ётади. Қора кунлар ортга чекиниб, 1989 йилда унга ёғдирилган айбловлар олиниб, тўлиқ оқланади. Унинг бекор қилинган унвонлари қайтариб берилади ва лавозимига тикланади.
Ўрмонга ўт кеца, ҳўлу қуруқ баробар ёнади, деганларидек, Убайдулла Тожихоновга отилган бўҳтон ва туҳмат тошлари унинг яқинлари, оиласи, фарзандларига ҳам чинакам синов бўлди.
– 1986 йилнинг 6 март куни уйимизга ўн нафардан зиёд нотаниш одамлар келди, – дея ўша кезларни хотирлайди Убайдулла Тожихоновнинг кенжа ўғли Баҳром Убайдуллаев. – Мен ҳали мактабга ҳам чиқмаган олти ярим ёш бола эдим. Улар уйимизнинг барча хоналарини тинтиб, деворга ёпиштирилган гулқоғозларни кўчириб, тўшалган гиламлар, мебелларнинг оёқларини, ҳатто қандилларнинг маҳкамлагич темирларигача бураб текширишган. Картошка-пиёз сақланадиган омборимизгача ковлаб кўришган. Ҳа, кечагидек эсимда, тинтув олиб бораётганлардан бири ҳовлида ўйнаб юрганимда мени қўлида кўтариб, ўйинчоқларимга ишора қилиб, «Бу машиналарни сенга даданг олиб келганми ё дадангни дўстларими?», дея сўроққа тутаётганида онам «Бу ёш бола, уни сўроққа тутишга ҳаққингиз йўқ, агар бирор нимани билмоқчи бўлсангиз, бола билан психолог ёрдамида суҳбатлашилади», дея мени унинг қўлидан юлиб олган. Шу куни улар кеч соат ўн иккигача ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб, атиги иккита хонани яшашимиз учун очиқ қолдириб, қолганини муҳрлаб кетишган. 1986 йил 4 июн куни келиб, хоналарни очиб беришган. Дастлаб отамга тўққиз йил беришган. Онам қайта ариза киритиб, кейинги судда муддатни камайтиришган. Бироқ отам барибир қамалган. 1989 йил биринчи март куни тўлиқ оқланиб бағримизга қайтган.
Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди. Бунинг ҳаётий исботини ўзида кўрган, қаро кунларда ҳам қалбида ёруғ кунлар, эзгу ва хайрли амаллар илинжи сўнмаган Убайдулла Тожихонов 1992 йилда Олий мактаб, 1994 йил сентябридан то 2004 йилга қадар ИИВ Академиясининг бошлиғи лавозимида самарали фаолият олиб борди.
1995 йил 10 ноябрдаги Президент фармони билан «генерал-маёр» унвонига лойиқ кўрилган қаҳрамонимизнинг илмга бўлган қизиқиши уни бу борада ҳам ўзига хос мактаб яратишга етаклайди. У 1995 йилда илмий салоҳияти ва кўп йиллик изланишлари натижасида докторлик диссертация-сини муваффақиятли ҳимоя қилади.
Убайдулла Тожихонов раҳбарлик қилган йилларда Ички ишлар вазирлиги Академиясида янги йўналишлар, факултетлар, магистратура бўлими, Ички ишлар органлари раҳбар ходимларининг малакасини ошириш институти ташкил этилди. Бунинг самараси ўлароқ, таълим даргоҳидан моҳир изқуварлар, терговчилар, профилактика инспекторларининг янги авлоди етишиб чиқди.
Кўп йиллик ҳаётий тажрибага эга, ташкилотчи ва бағрикенг инсон, генерал-маёр, профессор Убайдулла Тожихонов раҳбарлик қилган йилларда вазирлик Академиясининг илмий салоҳияти юксалиб, республикамиздаги олий ўқув юртлари орасида энг олдинги ўринлардан бирини эгаллади, дунёнинг ривожланган давлатлари, ташкилотлари, нуфузли олий ўқув юртлари билан кенг доирадаги халқаро алоқалар ўрнатилди. Хусусан, Академия АҚШ, Япония, Германия, Венг-рия, Швеция, Россия Федерацияси ва Украина ўқув юртлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан доимий илмий ва назарий алоқаларни йўлга қўйди.
Табиат ва жамият фанлари халқаро академиясининг академиги, юридик фанлар доктори, профессор Убайдулла Тожихоновнинг «Ҳуқуқий маданият назарияси», «Давлат ва ҳуқуқ назарияси», «Ўзбекистон Республикасининг конституциявий ҳуқуқи», «Давлат ва ҳуқуқ асослари» каби ўнлаб дарслик, монография ҳамда ўқув қўлланмалари, кўплаб илмий мақолалари ҳозирда ҳам кенг илмий жамоатчилик томонидан ўрганилмоқда. У Ўзбекистонда ҳуқуқий маданият назариясига асос солган ва ривожлантирган таниқли олимлардан биридир.
Генерал-маёр Убайдулла Тожихоновнинг хизматлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланган. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист», «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвонлари, қатор орденлар, «Жамоат тартибини сақлашдаги аъло хизмати учун», И, ИИ, ИИИ даражали «Бенуқсон хизмати учун» ва бошқа кўплаб медаллар ҳамда кўкрак нишонлари билан тақдирланди. 2004 йилда пенсияга чиққан генерал-маёр Убайдулла Тожихонов 2012 йилнинг декабр ойида Тошкент шаҳрида вафот этди.
Қаҳрамонимизнинг акаси Хайрулла Тожихонов ҳам узоқ йиллар ички ишлар органларида фаолият юритиб, полковник унвонида пенсияга чиққан. Унинг шарафли йўлини фарзандлари — юридик фанлар номзодлари, истеъфодаги полковниклар Баҳодир Тожихонов, Бахтиёр Тожихонов, юридик фанлар номзоди, доцент, истеъфодаги подполковник Баҳром Убайдуллаев давом эттирди.
– Отам бизларга болалигимиздан яхши ўқиш, меҳнат қилиш, қолаверса, ўқимишли, илмли инсон бўлиб, жамиятга фойда келтириш кераклигини уқтириб келган, – дейди Баҳром Убайдуллаев. – Ўзимдаги барча ижобий фазилатларга, илм йўлидаги муваффақиятларимга отамнинг жонкуярлиги, йўл-йўриқ ва маслаҳатлари билан эришганман. Отам диёнатли, ҳалол инсон эди ва ўзига ўхшаганларни ниҳоятда ҳурмат қиларди. Ободликни, ободонлаштиришни жуда севарди. Айниқса, баҳор келиши билан Академияга дов-дарахтлар, турфа гуллар экишга алоҳида эътибор қаратарди. Академияда арча экиб, уни парваришлашни анънага айлантирганди. Кўпинча бўй йигитлардек тизилиб турган арчаларга боқиб: «Уларга қараб баҳри дилинг очилади», – дерди. Отам илм даргоҳида ўн икки йилу бир ой раҳбарлик қилган бўлса, шу муддат ичида Академия ҳудуди ва атрофида 121 минг тупга яқин арча экиб, етиштирилди.
Фикру ўйи эзгу мақсад-муддаолар билан суғорилган, юраги ана шу истаклар рўёби учун уриб, кўзларида истак ва ишонч ёниб турган инсонларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари улардан кейин ҳам нурланиб тураверади. Бугун, шаксиз, юридик фанлар доктори, профессор, генерал-маёр Убайдулла Тожихоновни ана шундай оловқалб инсонлардан бири эди, дея баралла айта оламиз.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
