Раққоса, балетмейстер Рушана Султонова 1965 йил 27 ноябрда Бухоро вилоятида туғилган. У 1979-1984 йилларда Тошкент хореография билим юртида ўқиган. 1991 йилда Тошкент давлат маданият институтини тугатган. 

У «Баҳор», «Етти гўзал» ансамблларида фаолият юритган. 2000 йилдан «Ўзбекрақс»да етакчи раққоса. Шунингдек, 2002 йил ўзи ташкил этган «Эй санам» ансамблида фаолият кўрсатмоқда. Рушана Султонова рақслари табиий талқини, мусиқавийлиги, оҳангга мос хиром этиши, юқори рақс маданияти билан ажралиб туради. У барча вилоятлар бўйича фолклор рақсларни ижро этган. «Доира чорлайди», «Бухороча», «Қизбола», «Хоразм рақсининг туғилиши» (клипи билан), «Фироқ», «Баҳор айёми», «Нозноз», «Бонубону», «Сарвиноз», «Оразибон лазгиси», «Танавор 2», «Гулсанам», «Учрашув», шунингдек, тожик, афғон ва бошқа кўплаб халқларнинг рақслари ижрочиси сифатида танилган. Рушана Султонова ҳақида «Рушана Султонова рақсга тушади» филмлари (1986, телефилм, режиссёр Ш.Хўжаев; 2000, режиссёр Даврон Салимов) ишланган.