Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Б. Мирзараҳимов ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлигида бўлиб, ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашди. Сўнг уларнинг жанговар-хизмат фаолиятини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганди.

Суҳбат жараёнида шахсий таркибга хизмат пайтида ва хизматдан ташқари вақтда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, ўз вазифасини сидқидилдан бажариш, ўзаро мулоқотда хушмуомала бўлиш зарурлигини таъкидлади. Генерал-маёр Б. Мирзараҳимов, шунингдек, офисерларга ҳарбий хизматчилар билан хизмат олди йўриқнома машғулотларини сифатли ташкиллаштириш борасида қимматли тавсиялар берди.

Вазир ўринбосари Ватан ҳимоячиларига, жумладан, ИИВ ҳарбий хизматчиларига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар, яратилаётган шарт-шароитлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида гапириб берди. Хусусан, шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар шайлигини ошириш, турли мураккаб ва оғир вазиятларга нисбатан руҳий бардошлилигини, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш орқали миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва қудратини кучайтириш бугунги кун талаби эканлигини уқтирди. 

Ниятбай МУРЗАБАЕВ,

капитан.