Бухоро вилоятида маҳаллаларда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни вилоят ҳокими бошчилигида сектор раҳбарлари томонидан кенг муҳокама қилиш бўйича “Бухоро тажрибаси” яратилди. Навбатдаги “маҳаллабай” муҳокама Ғиждувон тумани ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилди. Видеоконференсалоқа тизими асосида ўтказилган муҳокамада вилоят ҳокими Б.Зарипов, вилоят прокурори У.Ҳамдамов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник И.Турсунов бошчилигида ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, туман (шаҳар)ларнинг сектор раҳбарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят ҳамда ҳудудий идоралараро комиссиясига аъзо ташкилотлар мутасаддилари, 544 та маҳаллалар еттилик вакиллари иштирок этишди.
Танқидий тарзда ўтган муҳокамада Ғиждувон туманининг “Пахтаобод” ҳамда Қоровулбозор туманининг “Тинчлик” маҳаллаларида содир этилган ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларга омил бўлаётган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди. Бу каби жиноятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар хусусида сўз юритилди. “Қизил” тоифага кирган ушбу икки маҳалла масъулларининг ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш доирасида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди. Сўнг масъулларнинг йўл қўйган камчиликлари бирма-бир танқидий таҳлил қилинди.
Жараёнда муҳокамага қўйилган маҳаллалар масъулларига, шунингдек, ҳудудий сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди. Муҳокама якунида вилоят ҳокими томонидан барча даражадаги раҳбарлар, маҳалла еттилик вакилларига ҳар бир кўча, қишлоқ, овул ва аҳоли пунктларидаги ҳар қандай муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш, миграцияда юриб қийналган фуқароларни қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш, миграцияда юрган фуқароларнинг оила аъзолари, судда низолашаётган ёки низоли оила сифатида профилактик ҳисобга олинган, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар, пробасия хизмати назорати остида турган, шунингдек, руҳий асаб ҳамда наркология диспансери рўйхатида турган, оилавий зўравонликка учраган шахслар билан манзилли ишлаш борасида ҳудудий сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар биргаликда манзилли иш олиб боришлари юзасидан топшириқларини берди.
Ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
