Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 12 феврал куни Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ва туман-шаҳарларнинг сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ҳуқуқ тартибот масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда ҳамкор идора ва ташкилот вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов очиб, ҳудудда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш борасида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилаётганлигини айтиб, бу борада ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўлами ҳар бир раҳбар, айниқса сектор раҳбарларидан алоҳида масъулият билан фаолият олиб боришни талаб этишига эътибор қаратди.
Йиғилишда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Бобожонов сўзга чиқиб, Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида олиб борилган ўрганишлар натижасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар аниқланганлигига тўхталди.
Йиғилиш давомида, Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олишда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш ташкил этиш борасидаги топшириқлари юзасидан, ички ишлар органлари фаолиятини танқидий таҳлиллари ва келгусида тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича белгилаб берган бир қатор вазифаларнинг Бухоро вилоятидаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги вақтларда жойларда, айниқса, бевосита маҳалланинг ўзида жиноятчиликнинг профилактикаси, аҳолининг муаммоли тоифалари орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ишлари бирмунча сусайтириб юборилганлиги жиддий танқид қилинди.
Хусусан, вилоятнинг Бухоро шаҳар ва Ғиждувон туманларида тегишли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги ишларнинг талаб даражасида эмаслиги, жиноятчиликдан ҳоли муҳит яратиш борасида ижобий самараларга эришилмаётганлиги танқидий-таҳлил қилиниб, ҳудудлар сектор раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.
Бундан буён, ишни мутлақо янги тизимда, яъни маҳалла, туман ва шаҳар криминоген вазиятдан келиб чиқиб, уч тоифага, яъни, “қизил”, “сариқ” ва “яшил”га бўлиниши ҳамда маҳалладаги жиноят ўчоқлари аниқланиб, уларни келтириб чиқарувчи омиллар таҳлил қилиниб, шу йўналишда аниқ ва мақсадли ишлар олиб борилиши, криминоген вазият мураккаб бўлган 69 та, қизил тоифага киритилган 90 та ва сариқ тоифага кирган 200 та маҳаллаларга куч-воситаларни қайта тақсимлаб, бевосита “жиноятлар ўчоқлари” бартараф этилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, жиноятларнинг соҳабай таҳлилларидан келиб чиқиб, бошқарув, ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш, олий, ўрта махсус ва ўрта таълим, мактабгача таълим ҳамда бошқа соҳаларда содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни меҳнат жамоалари иштирокида кенг муҳокама қилиш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси ҳам қониқарсиз эканлиги танқид қилинди.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” негизида маҳаллалар кесимида ҳар бир муаммоли шахс билан якка тартибда манзилли ишлаш эса, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиб, юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш имконини беришига алоҳида урғу берилди.
Хизматда йўл қўйган тизимли камчиликлари ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдаги сусткашлиги учун бир қатор раҳбар ва ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва интизомий жазо чоралари эълон қилинди.
Шунингдек, хизмат фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиб, ҳудуд аҳолисининг розилигига эришиш, уларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида намунали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ходимларни рағбатлантириш юзасидан таклиф киритилди.
Йиғилиш сўнгида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда барча сектор раҳбарларининг бир ёқадан бош чиқариб иш ташкил этишлари зарурлиги таъкидланиб, улар томонидан берилган таклифлар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Ахборот хизмати
