Мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар замирида халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти, ёшларнинг порлоқ келажагини таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам. Шу боис ҳам Президентимиз раҳнамолигида тинчликни мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, кексаларни эъзозлаш, эртамиз эгаларини баркамол авлод қилиб вояга етказишга давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида алоҳида эътибор қаратиляпти. Буюк аждодларга муносиб бўлиш, юртимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг, айниқса, ёшларнинг муқаддас бурчидир.
Ички ишлар органлари фахрийси, жазони ижро этиш тизимида кўп йиллар самарали хизмат қилган истеъфодаги генерал-маёр Телман Муратходжаев “Уч авлод учрашуви” тадбирларини ўтказиш учун илк хизматини бошлаган 17-сонли ҳамда 1-сонли жазони ижро этиш колонияларида бўлди. Ўтказилган тадбирларда сўзга чиқиб, ўтган давр ва бугунги кундаги жазони ижро этиш муассасалари ўртасида катта фарқ борлигини, ислоҳотлар самараси ўлароқ, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлашга бугунги кунда катта эътибор қаратилганлигини алоҳида эътироф этиб ўтди. Шунингдек, маҳкумлар билан учрашув ўтказиб, уларга бугун хатоларидан хулоса чиқариб, жамиятга соғлом фикрли шахс бўлиб қайтишлари учун барча имкониятлар яратилганлигини, бундан оқилона фойдаланган ҳолда, касб-ҳунар ўрганиб, ҳалол яшашни ўз олдиларига мақсад қилиб олишларини тушунтирди.
Шундан сўнг Бухоро давлат университетининг фаоллар йиғингоҳида ҳамда ИИВ Бухоро академик лицейида “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда мазкур соҳада узоқ йиллар ишлаган фахрийлар, департамент ходимлари ҳамда ўқувчи-талабалар иштирок этишди. Учрашувни Олтинчи минтақавий ҳудуд минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи, подполковник Ш. Ражабов очиб, бугунги кунда жазони ижро этиш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда келгусидаги режалар билан меҳмонларни яқиндан таништириб ўтди.
Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда истеъфодаги генерал-маёр Т. Муратходжаев ва бошқа бир неча фахрийлар сўзга чиқиб, ўз тажрибалари асосида ёшларга маслаҳат ва тавсиялар беришди. Ватанга ва касбга садоқат, ижро интизоми, ҳалоллик ва фидойилик, “устоз-шогирд” анъанаси, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ҳақида фикр билдириб, ҳар бир ходим бу инсоний фазилатларга эга бўлиши кераклигини таъкидлашди. Бундан ташқари, истеъфодаги генерал-маёр Т. Муратходжаев кўп йиллик хизмат фаолияти давомида жазони ижро этиш тизимининг ривожи учун беқиёс ҳисса қўшган, вафот этган ходимларни чуқур ҳурмат билан эсга олиб, улар билан боғлиқ ёрқин хотиралар ва эзгу фазилатлари хусусида сўз юритди.
Учрашув сўнгида юқори натижаларга эришган ходимлар ҳамда лицей ўқувчиларига фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва бадиий китоблар топширилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ИИВ Бухоро академик лицейи қошида фаолиятини бошлаган "Жасорат тарихий музейи"га ташриф буюриб, вилоят ички ишлар органларининг шонли тарихи билан танишдилар.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
