Кеча телевизорда хитойлик кино усталари томонидан яратилган сериалга кўзим тушиб қолди. Унда юзлаб, минглаб хитойликлар кунда-кунаро Пекин шаҳри устига ёпирилаётган қум бўронларининг олдини олиш, уни тўсиш учун унинг йўлида, бепаён чўлда катта ўрмонзорни ташкил этишга жазм қилишади. Дарахтлар орқали бўронни тўхтатиш учун гиёҳ унмаган биёбонда заҳмат чекишади...

Шу кунларда юртимизнинг марказий ҳудудларида учраётган чангли бўронни кузатиб беихтиёр ўша сериал ёдимга тушди. Хитойликларку бўрон офатини камайтириш учун йўқ жойда ўрмонзор ташкил қилиш, кўкаламзорлаштиришга аҳд қилишган экан. Бизчи, биз нима қилаяпмиз?

Бор дарахтларни ҳам қурилишу бошқа баҳоналар билан йўқ қилиш йўлини топаяпмиз. Ҳар йили минг-минг туп дарахт кўчатлари ўтқазилаяптию лекин уларнинг кўкарганини, дарахт бўлганини кўрмаяпмиз. Дарахтларни кесишга мораторий жорий этилган бўлсада улар ҳали-ҳануз кесилаяпти. Билмадим, қандай қилиб? Ҳозир маблағ топган борки, бир парча ерда ҳам қурилишга зўр бераяпти. Ҳозир Ўзбекистон худди қурилишлар ва бузилишлар майдонига айланиб қолган. Агар бунга ўз вақтида чора кўрилмаса, унинг олди олинмаса, дарахтлар шу йўсинда йўқолиб кетаверса, шу кунларда давом этаётган чанг бўронлари ҳали ҳолва бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Тез-тез такрорланадиган бўронларга кўникишимизга, умр бўйи чанг ютишимизга тўғри келади.

Афсуски, бу фақат бизда бўлаётган муаммо эмас. Юздан ортиқ давлатлар 2030 йилга қадар ўрмонларни кесишни тўхтатишни муҳокама қилишмоқда.

Инсоният дунё ўрмонларининг ярмини аллақачон йўқ қилиб бўлган. Шу боис «Глазго» иқлим саммитида дунё етакчилари ўрмонларни кесишни тўхтатишга ваъда беришди. Уларни қайта тиклаш учун давлат ва хусусий маблағлардан 20 миллиард доллар ажратиладиган бўлди.

Фозилжон Мамашарипов.