Термиз шаҳар ИИБ 1-сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Муслимбек Қамариддинов ҳам ишнинг кўзини биладиган ходимлардан. Дастлаб фаолиятини шаҳардаги «Чегара», «Нурли келажак» маҳаллаларида бошлаган қаҳрамонимиз ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалида талабалар хавфсизлигини таъминлаш, улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек вазифани шараф билан адо этяпти.
– Олийгоҳда 4 800 нафардан ортиқ талаба таҳсил олади, – дейди катта лейтенант Муслимбек Қамариддинов. – Улар орасида 300 нафар ҳиндлар ҳам бор. Яқинда талабалардан бири ёнида совуқ қурол олиб юргани аниқланди ва тезда унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бундан ташқари, таълим муассасасида жорий қилинган «Одоб-ахлоқ кодекси»га биноан кийинишида, юриш-туришида ўзгариш сезилган ёшлар билан ҳам профилактик суҳбатлар олиб бораман.
Муслимбек ўз вазифасидан ташқари, билимини янада мустаҳкамлаб бормоқда. У ўтган йили бўлиб ўтган «Заковат» баҳсларида Термиз шаҳар ИИБ жамоаси таркибида иштирок этиб, жамоанинг вилоятда 2-ўрин эгаллашига ҳисса қўшди. Қолаверса, Муслимбек 2023-йилда вилоят ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган танловда «Йилнинг энг фаол ички ишлар профилактика инспектори» номинацияси ғолиби бўлди. Яқинда Ички ишлар вазирининг фахрий ёрлиғи ҳамда китоблар жамланмасидан иборат мукофотни қабул қилгани Муслимбекни ҳам, ота-онасини ҳам руҳлантирди. Бу унга билдирилган яна бир катта ишонч бўлди.
– Отам Бухоро вилоятида Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ходим сифатида фаолият юритади. Қатъийликни улардан ўрганганман. Ҳанузгача эрта тонгдан қўнғироқ қилиб, ишга кетишим олдидан «ўзинга тўғри бўл, атрофдагилар билан хушмуомала бўл, касбинга доғ туширадиган ножўя иш қилма», деб тайинлайди. Доим тўғри сўзлаб, йўлимда тўғри юришим кераклигини уқтиради. Шунданми, булар менинг одатларимга айланиб улгурган, – дейди лавҳамиз қаҳрамони.
«Йигитнинг куни эл билан» дейди донолар. Шундай экан, кунини, умрини эл-юртнинг осойишталигига сарф этаётган Муслимбек каби ходимларнинг сафи кўпаяверсин.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
