Катта сержант Бахтиёржон Мусулмановда ҳарбий хизматчи бўлиш орзуси болаликдан йўлдош. Амакиси Шавкат Холиқовнинг чорак аср ҳарбий хизматчи бўлгани ва уйга формада кели­ши унинг орзусига сабаб бўлди. Бахтиёржон Ғузор туманидаги ўрта мактабни битириб, йигитлик бурчини ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли пойтахтимизда жойлашган 7534-ҳарбий қисмда ўтади. 

Унинг ўз ишига бўлган масъулияти ва қизиқишини сезган ҳарбий қисм раҳбарияти муддатли ҳарбий хизматни тугатган Бахтиёржонга шартнома асосида хизматни давом эттиришни таклиф қилди. Шу тариқа, мазкур ҳарбий қисм 2-баталёнида шартнома асосида взвод назоратчиси лавозимида фаолиятини бошлади.  

Ўтган давр мобайнида тинимсиз изланиб, соҳага оид билим ва кўникмасини ошир­ди. Устози, катта сержант Қаҳрамон Хидировдан касб сир-асрорларини ўрганди. Қарши шаҳридаги 7533-ҳарбий қисм 3-баталён назоратчиси лавозимида хизматни давом эттирган Б. Му­сулманов Тошкент автомобил йўллари техникумида сиртдан таҳсил олишга ҳам улгурди. 

ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Бухоро вилоятидаги 7536-ҳарбий қисм саф бўлинмаси бошлиғи, лейтенант Умрзоқ Эшон­қулов ҳамда 7533-ҳарбий қисм масъул ижрочиси, кичик сержант Паҳлавон Сайфуллаевлар уни устоз сифатида қадр­ла­шади. Мана чорак асрдирки, юртга ва касбига садоқат билан хизмат қилиб келаётган Бахтиёржон турмуш ўртоғи Райҳонахон билан ўғли Қувончбек тарбиясида ҳам собитқадам. 

 – Устоз сифатида ёшларнинг билим ва малакасини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда, – дейди ушбу ҳарбий қисм командирининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғи, маёр Бобуржон Исмоилов. – Бундан ташқари, барча тадбирларда фаол иштирок этиш билан бирга, бошқаларни ҳам бунга жалб этади. 

Ўз вазифасини яхши билиши, тиришқоқлиги, ҳамкасбларига доимо кўмаклашиши билан жамоада обрў топган.

Сардорбек ТУРСУНПЎЛАТОВ, 

кичик сержант.

Қашқадарё вилояти.