Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Ж.Расулов учинчи сектор ҳудудига қарашли “Чандрабод” маҳалласида истиқомат қилувчи оғир тоифага киритилган ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида мулоқот ўтказди. Учрашув давомида ёшларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Ўтказилган юзма-юз мулоқотда ёшлар томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши, тадбиркорлик учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам бериш, иш билан таъминлаш, мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришда имтиёзлардан фойдаланиш ва бошқа ижтимоий муаммолар бўйича мурожаатлар келиб тушди. Энг асосийси, мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига эътибор қаратилди. Шунингдек, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун иш юритувига олинган мурожаатлар юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Шундан сўнг, сектор раҳбари “Чандрабод” маҳалла аҳолиси муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганди. Ўрганишлар давомида маҳаллада “бешлик” вакиллари томонидан амалга оширилаётган ишлар бирма-бир таҳлил қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар юзасидан бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Қолаверса, сектор раҳбари маҳалла мутасаддилари иштирокида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар хонадонида ҳам бўлди. Уларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорликка йўналтириш орқали муқим даромад манбайига эга қилиш зарурлиги борасида тегишли топшириқлар берилди.
М.АҲАДОВ,
Ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
