Кечга яқин лейтенант Сарвиноз Абдувалиэва­нинг телефони жиринглади. Ғафур Ғулом номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Гулмира Эрназарова экан. У куйинганча оилавий жанжални бартараф қилиш учун ёрдам зарурлигини билдирди. 

Маҳалла фуқаролар йиғинига етиб келганида, Сарвинозни маҳалла бешлиги ва тушкун ҳолатдаги бир жувон кутиб турарди. Маълум бўлишича, ҳудуддаги кўп қаватли уйда яшовчи қайнонага келинининг муомаласи ёқмай, уйидан чиқариб юборибди.

Профилактика инспекторининг автоуловида қайнонанинг тураржойига боришди. Маҳалла фаоллари ва ички ишлар органлари ходимларини кўриб, онанинг хижолат тортгани сезилди, лекин қовоғи очилмади. Улар мезбонга оила бузилиши оқибатларини тушунтира бошладилар. Лейтенант Сарвиноз Абдувалиэва эса масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига тўхталди, хусусан, ажрим юз бергудек бўлса, алимент тўлаш ҳамда келинга яшаш жойининг бир қисмини ажратиш билан боғлиқ масала кўтарилишини гап орасида қистириб ўтди. Низо янада аланга олмаслиги учун фикрларини босиқлик ва эҳтиёткорлик билан баён қилди. 

Қисқаси, келин кечирим сўради, томонлар ярашди, ўз навбатида, профилактика инспектори жувонга бир ой муддатга ҳимоя ордери расмийлаштирди. Кўп ўтмай, ҳаммаси жойига тушди. Дўстлик тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Сарвиноз Абдувалиева эса яна бир оилани ажримдан сақлаб қолишга ҳисса қўшганидан қувонди. 

Мақоламиз қаҳрамони умумтаълим мактабининг 5-синфидан бошлаб таэквондо билан шуғулланади ва яхшигина натижаларни қўлга киритмоқда. Жумладан, 2012–2018-йиллар оралиғида кетма-кет 8 марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. 2014-йили Россия ва Марказий Осиё давлатлари таэквондочилари иштирокида бўлиб ўтган халқаро мусобақада 58 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади. Айни шу ютуқлари сабаб 2019-йили имтиёзли равишда ИИВ Академиясига ўқишга қабул қилинди. Таълим давомида ҳам спортни ташлаб қўймади, 2019-йилда яна бир бор мамлакат чемпионлигига эришди. 

2022-йили хизмат фаолиятини бошлаган Сарвиноз ҳозир ҳам турли даражадаги мусобақаларда қатнашиб, ғолиблар сафидан жой олаётир. Чунончи, жорий йилнинг февралъ ойида бўлиб ўтган мамлакат чемпионатида уч рақибидан устун келиб, шоҳсупага кўтарилди. 

– Март ойида Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари таэквондочилари ўртасида ўтказилган халқаро турнирда ғолиб бўлиб, олтин медалъ билан тақдирландим, – дейди спорт усталигига номзод Сарвиноз Абдувалиева. – Бу ғалаба менга август ойида Қозоғистонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини берди. Айни кунларда мусобақага қизғин ҳозирлик кўряпман. 

Мақоламиз қаҳрамонининг орзулари бисёр. Хусусан, хотин-қизлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг сабаб ва омилларини ўрганиш ҳамда олдини олиш юзасидан илмий иш қилиш ниятида. Унинг эзгу ниятига эришишига ишонамиз.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Постда» мухбири.

Жиззах вилояти.