Қарши шаҳрида жойлашган 1-сонли гимназияни битирган Жамшид Қарши давлат университетига ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафидан жой олди. Олий билим даргоҳида ўқиш билан бирга талабалар ўртасида ўтказила­ди­ган спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди. 

Дорилфунунни тугатган Жамшид Сувонов ички ишлар органларида хизмат қилиш­га аҳд қилади. 2005-йилда ИИВ Академияси сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларини тугатгач, илк фаолиятини вазирликнинг жазони ижро этиш тизимида бошлади. Бу ерда устозлари полковниклар Содиқ Исломов ва Баҳодир Усмо­новдан касб сирларини ўрганди. Тиришқоқлиги, ўз устида ишлаши, берилган топшириқларни бекаму кўст уддалаши туфайли ҳамкасб­лари эътиборини қозонди. Айни пайтда севимли машғулоти – спортнинг теннис тури билан шуғулланишни ҳам канда қилмади. 

Тизимда ишлаб, ўқиб етарли тажриба ва малакага эга бўлган Жамшид Сувоновни 49-жазони ижро этиш колонияси интендантлик ва хўжалик таъминоти бўлими бошлиғи лавозимига тайинлашди. Киришимлилиги, қизи­қувчанлиги боис изқуварлик касбини ҳам ўзлаштирди. Ундаги ўз ишига бўлган масъулият, меҳр ва интилиш кейинги йилларда 49-Жиэкда тезкор вакил сифатида ишлаши­га замин ҳозирлади. Хуллас, муассаса бошлиғигача бўлган йўлни босиб ўтган Жамшид Сувонов қанчадан қанча машаққатли жараёнларда иштирок этди. У ҳамиша зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажариб, раҳбариятнинг ишончини оқлаб келди. 

ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Тўртинчи минтақавий ҳудуд 2-сонли ЖИЭК бошлиғи лавозимига тайинлангач, кўплаб хайрли ишларни амалга оширди. Шахсий таркибнинг хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этишига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир ходимнинг оилавий шароитини ўрганди, муаммоларига ечим топишда кўмаклашди.

Колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни тарбиялашда самарали услублардан фойдаланиляпти. Маҳкумлар хулқ-атворига қараб «тарбияси оғир», «тузалиш йўлига ўтаётган», «тўлиқ тузалган» каби тоифаларга ажратилиб, ҳар қайси тоифа билан алоҳида профилактик тадбирлар амалга оширил­моқда.

Таъкидлаш жоизки, колонияда маҳкумларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида мактаб ташкил этилган, устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган. Айни кезларда мазкур мактабда 400 нафардан ортиқ маҳкум ҳунар ўрганишмоқда. Ҳунар эса келгусида озодликка чиққан ҳар бир шахс учун рўзғор тебратиб, тирикчиликни ўтказишида асқатади. Натижада улар жиноятга қўл уришмайди. Қолаверса, жамиятга ҳам фойдаси тегади.

Бундан ташқари, маҳкумлар билан олиб борилаётган профилактик тадбирлар жараёнида тузалиш йўлига ўтган шахслар мунтазам рағбатлантириб келинмоқда. Ўтган йили 1010 нафарга яқин маҳкумга ташаккурнома, қўшимча учрашув, яқинлари билан телефон орқали сўзлашув имконияти берилди.

Бугунги кунда подполковник Жамшид Сувонов бой тажриба ва малакасини ёшларга ўргатяпти. 

У ҳамиша ходимларга халқ манфаатларига хизмат қилиш, бурчга садоқат олий шараф эканлигини, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш зарурлигини уқтириб келади.

Она Ватан равнақи, эл осойишталиги йўлида қилинган фидокорона хизмат ҳеч қачон эътибордан четда қолмаган. Жумладан, Президентимизнинг Фармонига кўра, подполковник Жамшид Сувонов «Жасорат» медали билан тақдирланди. 

– Камтарона хизматла­римнинг юксак баҳолангани мени бундан кейин янада масъулият билан ишлашга ундайди, – дейди подполковник Жамшид Сувонов. 

Қаҳрамонимиз талабчан ва тажрибали раҳбар бўлиш билан бирга намунали оила соҳиби ҳам. Турмуш ўртоғи подполковник Амина Усмо­нова билан 3 нафар фарзандни вояга етказди. Катта ўғли Баҳодир ҳам ота касбга ҳавасманд. Ҳозирда у Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олмоқда. 


Содиқ РАҲИМОВ,

ўз мухбиримиз. 

Қашқадарё вилояти.