Жорий йилнинг 25-октабр куни эрталаб вилоят Иибдан қўнғироқ қилишди. Унга Президентимиз фармонига биноан, «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирлангани, мукофотни олиш учун Ички ишлар вазирлигига таклиф қилинганини айтишганида, кўнглидан кечган туйғуларни сўз билан ифодалай олмайди. Ўша бир неча лаҳзада бутун босиб ўтган хизмат йўли кўз олдидан ўтди.
Шаҳло Норқўзиева 1978-йилда Тошкент вилояти Бекобод туманида туғилган. Унинг болалиги кечган Навоий номли маҳалла жудаям сўлим гўшалардан. Бир тарафи Сирдарёга, иккинчи тарафи анҳорларга туташ далаларни унутиб бўларканми! Капалаклар қувиб ўтган шўх-шодон болаликдан бошланган унинг ҳаёт йўли. Ўрта мактабни тугатгач, синфдош қизлардан фарқли тарзда бошқа йўлдан кетди – Ички ишлар вазирлиги Академиясига ҳужжат топширди. Лекин бироз омад етишмади. Бундан асло тушкунликка тушмади. Отасининг қўллаб-қувватлаши унга катта куч берди. Ўша пайтларда ички ишлар органлари тизимида хотин-қиз ходимларга эҳтиёж бор эди. У Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бошқармасига эркин ёлланган ишчи сифатида қабул қилинди. Шаҳло ҳужжатларни тартибга солиш билан шуғулланарди.
1998-йилда орзуси ушалди – ИИВ Академияси сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Шундан сўнг уни статист лавозимига ўтказишди. Йилдан-йилга билими, тажрибаси, малакаси ошгани сайин, вазифалари ҳам ўзгариб борди. Академияни тугатгач, Гулистон шаҳар ИИБ Тергов бўлими, Ширин шаҳар ИИБ Тергов бўлими терговчиси лавозимларида хизмат қилади. Бу касб синчковликни, катта руҳий бардошлиликни, кучли иродани, қатъиятни талаб қилишини ўша пайтларда тушуниб етди.
Баъзан қийинчиликларга ҳам дуч келарди. Ана шундай мураккаб вазиятларда унга устозлари — Сирдарё тумани ИИБ Тергов бўлими бошлиғи, подполковник Неъмат Шомуродов, бўлим терговчиси маёр Аҳад Азимов яқиндан ёрдам берарди. Унга жиноятни фош этишнинг ўзига хос услубларини ўргатишар, этъиборидан четда қолган тафсилотларни кўрсатишарди.
Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси сифатида юритган бир жиноят иши тафсилотлари ҳалиям эсида. Куз ойлари эди. Унга оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноят ишини тергов қилиш топширилди. Воқеа қуйидагича юз берган эди. Икки оғайни айш-ишрат қилишади. Роса ичиб маст бўлишгач, ўрталарида гап қочади. Натижада жанжал келиб чиқади. Хонадон соҳиби столдаги бўшаган шиша билан улфатининг бошига туширади. Оқибатда унинг миясига қон қуйилади. Тиббий ёрдам фойда бермайди – жароҳат олган шахс орадан уч кун ўтгач вафот этади. Жиноят ишини юритишда Шаҳло Норқўзиева барча майда жиҳатларгача эътибор берди. Ашёвий далилларни тўплади, қўшниларнинг гувоҳликларини эринмай йиғди. Натижада жиноят иши тўғри малакалангани, айб тўлиқ исботлангани суд томонидан эътироф этилди.
Подполковник Шаҳло Норқўзиева 2017-йилдан Сирдарё тумани ИИБ Пробация бўлими катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келяпти. Пробация назорати остидаги шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси жуда катта куч ва қатъиятни талаб қилади. Жорий йилнинг ўзида пробация назоратидаги шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида етти марта меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Натижада йигирмадан ортиқ шахсларнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ўттиздан зиёд шахсларга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кредит ажратилишига эришилди.
Пробация назорати остидаги шахслар орасида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмайдиганлари ҳам учраб туради. Ичкиликбозликка ружу қўйган, белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқадиган, бошқа чекловларга риоя этмайдиган шахслар алоҳида мавзу. Уларни тўғри йўлга бошлашга бўлган уринишлар самара бермаслиги Шаҳлони жиғибийрон қиларди. Бу нима деган гап! Шунча шароит яратиб берилса ҳам, бунинг қадрига етишмаса, тўғри хулоса чиқаришмаса! Яқинда ҳам ана шундай шахслардан йигирма нафарга яқинининг жазоси суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Лавҳамиз қаҳрамони шогирдлари билан фахрланади. Улар вилоят ИИБ ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида турли лавозимларда фаолият юритишади. Айниқса, маёр Ўлмас Ҳайдаров, капитан Акмал Ҳасановнинг номларини алоҳида тилга олади. Уларнинг ўз ишида эришган ютуқларидан Шаҳло Норқўзиева мамнун.
Абдураҳмон
МУСТАФОҚУЛОВ,
ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
