Шу маънода олий ўқув юртининг имтиёзли дипломи қўлига тегиши билан вилоят Ички ишлар бошқармасига йўл олганда ҳеч ким ажабланмади. Бу йил эгнига форма кийганига 27 йил тўлади. Ўтган даврда у фидойи ва ҳалол инсон, ҳамиша суянса бўладиган офицер сифатида ҳамкасбларининг ҳурматини қозонди, ўнлаб шогирдлар етиштирди. 

Табиийки, меҳнатларига яраша лавозими ошди, тақдирланди. Чунончи, айни вақтда вилоят ИИБ Ҳуқуқий статистика ва тезкор ҳисоб-китоб маълумотлар маркази бошлиғининг ўринбосари, подполковник. 

Лавҳамиз қаҳрамонининг ҳамкасблари ҳавас қиладиган яна бир жиҳати бор. У шахмат ишқибози. Айтганча, шатранжни ҳам отасидан 5 ёшида ўрганган. Эътиборлиси, мазкур йўналишда махсус билимларни олмаган бўлса-да, ҳавас қилгудек натижаларни қайд этмоқда. Бинобарин, 13 йилдан буён вилоят ички ишлар органлари, 8 йилдан бери ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўртасида уюштириладиган анъанавий мусобақаларда унга тенглаша оладиган топилмаяпти. 

Подполковник шатранжни жангга қиёслайди, мулоҳазали, сабрли ва совуққон шахматчи ҳамиша ғалаба қилишини исботлашга астойдил ҳаракат қилади. 

Тўғри, дона сурмоққа ҳамиша ҳам вақт топа олмайди. Лекин дам олиш кунлари фарзандлари, қўшнилар ва хизматдошлар билан беллашади, чарчоғини ёзади. Зафарга элтувчи бирорта комбинацияни муваффақиятли қўллай олса, қалби завққа тўлиб кетади.  

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.