Денов туманида яшовчи Ўринбой Шайманов (исм-шарифи ўзгартирилган) анча вақтдан бери ишсиз. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамаганидек, Ўринбойнинг ҳам йиққан-терганларининг таги кўриниб қолади. Бирор фойдали иш излаш ўрнига, у тез ва осон пул топиш истагида ёнади.
Шу ўй билан у танишларидан Шўрчи туманидаги Оқкамар маҳалласида яшовчи Отабек Шоимовнинг машина олиш нияти борлигидан хабар топади. Дарҳол ишга киришади. Гаровда турган “Ласетти” русумли автомашинасини О.Шоимовга 90 миллион сўмга пуллайди, аммо расмийлаштириб бермасдан, алдаб юради. Шўрчи туманидаги Кушон маҳалласида яшовчи Баҳодир Азизовга эса “Кобалът” автомашинаси олиб беришни ваъда қилиб, ундан 2500 Ақш доллари ва 30 млн. сўм пулини олиб, ўзлаштириб кетади.
“Тиниб-тинчимаган” Ў.Шайманов Қумқўрғон тумани Исломобод маҳалласида яшовчи М.Мамановни ҳам чув туширишга муваффақ бўлади. У М.Мамановга Олтинсой туманидаги дорихона биносини сотиб олишни ваъда қилиб, жами 20 млн. сўм ва 4000 Ақш доллари пулини олиб, ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Ахийри қўлга тушган Ў.Шаймановга нисбатан туман ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилди. Энди қилмишига яраша жавобгарликка тортилади.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири.
Сурхондарё вилояти.
