Капитан хизмат уйи томон йўл оларкан, бир неча киши­нинг ташвишини аритганидан мамнун эди. Аммо Собир аканинг ўнгланмаётгани, ичмасликка ваъда бериб, сўзида турмаганлиги дилини хира қилди. Эртага маҳалла фуқаролар йиғинида ўтадиган йиғилишда шу масалани кўтаради, балки мажбурий даволатиш чораларини кўрар...

Профилактика катта инспектори, капитан Ғолиб Каримов шу тарзда Шароф Рашидов тумани­нинг «Раваллиғ» маҳалласида истиқомат қилувчи 

6 нафар оилавий жанжалкаш, 12 та низоли оила вакиллари, 11 нафар ичкиликка ружу қўйган шахс билан профилактик тадбирларни амалга оширади. Худди шундай, қонунбузарликларнинг олдини олиш мақ­садида муқаддам судланган, пробация, ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган ва маъмурий назорат остига олинган шахс­лар билан тез-тез мулоқот қилиб туради.

Шу ўринда таъкидлаш керак, ҳалол, босиқ, доимо қонуний йўл тутадиган капитанни маҳалла аҳли ҳурмат қилади, қўллаб-қувватлайди. Айниқса, фуқаролар йиғини раиси, ички ишлар органлари фахрий­си Убайдулла Хидиров билан ҳамкорлик ўз самарасини бермасдан қолмади. Чунончи, маҳаллада жорий йилнинг ўтган даврида бирорта ҳам жиноят қайд этилмади. 

Ўрни келганда айтиш жоиз, Самарқанд вилояти Ургут тумани «Қуйи тегана» маҳалласида туғилиб ўсган Ғолиб Каримов Жиззах политехника инсти­тутини тамомла­ган. Ҳарбий хизматдан қайтгач, 2007-йили ИИВ Академияси Сержантлар тарки­бини тайёрлаш олий курсларида таълим олди ва шу йили Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ алоҳида ЙПХ отряди учинчи сафарбарлик гуруҳи ЙПХ катта инспектори лавозимига тайинланди. 2013–2017-йилларда вилоят ИИБ тизимида, 2017-йилдан бери профилактика инспектори лавозимида эл осойишталигини асраяпти. 

Вазирликнинг олий ўқув юртига киришга имтиёз берувчи тавсияномаси асосида ўғли Жавоҳир Толибов ҳозирда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 3-босқичида таълим олмоқда. 

Бу йил истиқлол байрами арафасида Ғолиб Каримовнинг ҳаётида яна бир қувончли воқеа рўй берди. У давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан, «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. 

– Камтарона хизматларим юксак даражада эътироф этилгани учун Юртбошимиздан, вазирлик раҳбариятидан миннатдорман, – дейди қаҳрамонимиз. – Бу эътирофдан қўшимча куч ва ғайрат олиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни жиловлашда янада самарали хизмат қилишга ҳаракат қиламан.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.