Лейтенант М.Аҳмедов хизмат фаолияти давомида ана шундай ҳушёрлик намуналарини намоён этиб келмоқда.
Қоракўл тумани Чандиробод қишлоғида таваллуд топган Мавлуджон муддатли ҳарбий хизматни ўтагач, Бухоро давлат университетига ўқишга кирди. Олий малумотли мутахассис Бухоро шаҳридаги 35-сонли умумтаълим мактабида аввал ўқитувчи, сўнг Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимларида ишлади. Тўнғич акаси Маърифжон 7532-ҳарбий қисм ходими бўлгани ва ҳарбийликка иштиёқи сабаб 2021-йилнинг декабр ойида ўтказилган танловда иштирок этиб, ҳозирги вазифасида хизматга қабул қилинди.
М. Аҳмедовга тажрибали профилактика катта инспектори, капитан
А. Раҳимов мураббий этиб бириктирилди.
Унга бириктирилган «Гулистон» маҳалласи «қизил» тоифада бўлиб, устозидан эринмай соҳанинг сир-асрорларини, жиноятга мойилроқ ва профилактика ҳисобида турувчи шахслар билан профилактик суҳбатлар олиб боришни ўрганди. Биринчи йилданоқ маҳаллани «қизил» тоифадан «яшил» тоифага айлантирди. Жорий йилнинг шу давригача эса жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Лавҳамиз қаҳрамони хизмат кўрсатаётган маҳалла туман марказида жойлашган. Маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатлиг-у ҳамкорлиги ҳамда катта-ю кичикни бирдай ҳурмат-у эъзозлаб келаётганидан, лейтенант
М. Аҳмедов туман ва вилоят миқёсида ўтказиладиган тадбирларда ҳамда мусобақаларда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, 2022-йил вилоят ички ишлар органлари ходимлари ўртасида бўлиб ўтган кураш мусобақасида 70 кг вазнда фахрли биринчи ўринни эгаллади. Яна шу йили «Энг яхши китобхон» танловининг республика босқичида Иивнинг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғаси билан тақдирланганини алоҳида айтиб ўтиш жоиз.
Бир сўз билан айтганда, лейтенант Мавлуд Аҳмедов эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиб хизмат қилмоқда. Унинг хизматидан эса аҳоли доимо миннатдор бўлиб келяпти.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
