Бундан уч йил олдин маёр Мақсудбек Маматкаримов ушбу маҳаллага профилактика инспектори этиб тайинланган эди. Бунга қадар қўшни «Нурафшон» маҳалласида беш йил фаолият олиб боргани учун у қўшни ҳудуддаги аҳвол билан яхши таниш эди. Шу боис мавжуд муам­моларга ижобий ечим топиш мақсадида ишни маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳромжон Оталиқов, ҳоким ёрдамчиси Шавкатбек Мўминов, ёшлар етакчиси Улуғбек Ҳусанов, хотин-қизлар масалалари бўйича фаол Дилором­хон Зулунова билан саъй-ҳаракатларни бирлаш­тиришдан бошлади. Шу­нингдек, маҳалла фаоллари ёрдамида таянч пункти биноси таъмирланиб, комп­ютер техникаси ва янги мебеллар билан жиҳозланди. Бу амалий ишлар самараси ўлароқ ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда ижобий кўрсаткичларда намоён бўлди.

Ҳозирда профилактика катта инспектори сифатида фаолият кўрсатаётган маёр Мақсудбек Маматкаримов, табиийки, ўз-ўзидан тажрибали ходимга айланиб қолмади. Бунда устозлари подпол­ковник Бобирмирзо Қоди­ров ва маёр Муроджон Исмоиловнинг беминнат ёрдами катта бўлди. Бугун эса унинг ўзи устоз. Шогирдлари – профилактика инспекторлари, лейтенантлар Фарҳод Абдулҳакимов ва Абдулазиз Фозилжонов қўшни ҳудудда хизмат қилишади ва зарурат туғилганда ёрдам ёки маслаҳат сўраб, унга мурожаат қилишади.

– Касбимга жон-у дилим билан боғланганман, – дейди маёр М.Маматкаримов. – Одамлар орасида бўлиш, уларга оғир кунларида ёрдам бериш, ўз меҳнатинг, хизматинг самарасини кўриш энг катта бахт.

Борис КЛЕЙМАН,

ўз мухбиримиз.

Андижон вилояти.