Оппоқ халат, оқ қалпоқ, оқ чойшаб, оқ пардалар...
Мадинанинг болалик тасаввурида тиббиёт олами шу тарзда намоён бўлар, унинг шундай ҳавас ортидан кўз очган орзуси ҳамширалик эди. 2004-йили Охунбобоев номидаги Тошкент тиббиёт билим юртини тиббий ҳамшира мутахассислиги бўйича тугатган Мадина бир муддат фарзанд тарбияси билан машғул бўлди. Аммо танлаган касбига бўлган меҳри, иштиёқи орца ортдики, бир мисқол ҳам камаймади. 2008-йили Бухоро шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиникага тиббий ҳамшира бўлиб ишга кирди. Ушбу муассасадаги қарийб тўрт йиллик фаолияти мобайнида машаққатлардан чўчимади, балки унда инсон саломатлиги учун масъуллик ҳисси янада ортди.
– Тоғам, ҳозирда истеъфодаги маёр Бахтиёр Рустамов кўп йиллар ички ишлар органларида фаолият юритиб, Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув хизматидан пенсияга чиққан, – дейди Мадина Қодирова.
– У кишига бўлган ҳавасим ички ишлар органи ходими бўлишимга сабаб бўлди. – Шу сабабли 2011-йилнинг ноябр ойида вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими поликлиникасига эркин ёлланган ходим сифатида ишга қабул қилиндим. Тўғри, орзуим, айрим сабабларга кўра, рўёбга чиқмади. Бироқ, шунга қарамай, ички ишлар органлари тиббиёт хизматида ишлаётганимдан жуда мамнунман.
Мадина Қодирова вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими поликлиникасида дастлабки кунларданоқ сидқидилдан ишга киришди. Зиммасидаги вазифаларга жиддий эътибор қаратди. Ўз устида ишлади, изланди. Билмаганларини сўраб ўрганди. Бу борада унга устози Марзия Очилова беминнат ёрдам берди. Касбига меҳр қўйган, ўқиб-ўрганишдан толмайдиган Мадинанинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. Хушмуомалалиги, фидойилиги, меҳнацеварлиги ва ҳар бир ишга виждонан ёндашиши туфайли беморларнинг ҳам, ҳамкасбларининг ҳам ҳурмат-эътиборини қозонди. Лавҳамиз қаҳрамони ўтган йиллар мобайнида тажриба тўплаб, устоз деган юксак мақомга ҳам эришди. Бугун ҳамширалар Насиба Жўраева, Мавлуда Ҳакимова, фелдшер Азиз Абдуллаевлар уни ўзларига устоз деб билишади.
Қўли енгил ҳамшира бириктирилган шахсий таркиб саломатлигини сақлашдаги фидокорона хизматлари учун бир неча бор фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган. Жорий йилда ўзининг билими, касбий салоҳияти билан вилоят ИИБ тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари ўрта тиббий ходимлари ўртасидаги «Йилнинг энг яхши ҳамшираси» кўрик-танловида ғолиб бўлиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Фидойилик инсонни шарафлайдиган юксак фазилатдир. Исбот талаб қилмайдиган ушбу хулосавий фикр, айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасига нисбатан татбиқ этилса, айни муддаодир. Бухоро вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими поликлиникаси тиббий ҳамшираси Мадина Қодирова ҳам ўзи меҳнат қилаётган соҳада энг муҳими фидойилик, деб билади.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
