Навоий вилояти Кармана тумани Камолот Мфйда истиқомат қилувчи Б.З зарарли меҳнат шароитида ишлагани ҳисобга олиниб, 45 ёшида пенсияга чиқди. У шахсий эҳтиёжлари учун холаси А.К.дан тез-тез пул сўраб турарди. Бир куни холасидан Россия давлатига кетиши учун йўлкирага 500 Ақш доллари бериб туришини илтимос қилди. Кейинчалик ишлаб, қарзини қайтаришини айтди.
Хуллас, 2019 йилнинг ёзида Россияга жўнаб кетди. Кетиш олдидан ўзининг нафақа пулларини олиши учун холасига тегишли ҳужжат расмийлаштириб берди. “Қайтганимга қадар пенсия пуларимни йиғиб қўйинг” деб илтимос қилди. Ярим йилча ўтиб холасига олган қарзини 600 доллар қилиб қайтарди. Қўшимча яна 1100 Ақш доллари жўнатиб, пенсия пулларига қўшиб қўйишини тайинлади.
Жорий йилнинг сентябръ ойида Карманага қайтган жияни пулларини сўраганида А.К “Эрта... индин...” дея алдаб юраверди. Сабри тугаган Б.З охири Кармана тумани Иибга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Аниқланишича, унинг холаси 1100 Ақш доллари ва 24.633.000 сўм пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган экан. Ушбу ҳолат юзасидан А.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жкнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
