Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан республикамиздаги барча кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига бириктирилган.
Жумладан, Фарғона шаҳридаги кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳам вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан оталиққа олинган бўлиб, бошқарма томонидан мазкур таълим муассасида таълим-тарбия олаётган болажонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
Яқинда мактаб-интернатида Наврўз байрамига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳитдин Жўраэв иштирок этиб, мактаб жамоасини, ота-онлар ва ўқувчи-ёшларни байрам билан табриклади.
Бошқарма бошлиғи мактаб-интернатида шарт-шароитларни янада яхшилаш, ўқув қўлланмалари, дарсликлар ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш ишлари босқичма-босқич ҳал этилишини таъкидлади.
Шу куни ўқувчи-ёшлар учун 30 дона брайл доска, 10 дона брайл шахмат, 10 дон брайл шашка, 100 дона грифелъ (ручка), 140 дона кўрпа совға сифатида тақдим қилинди.
Шунингдек, ёшларга таълим-тарбия бераётган 58 нафар устоз ва мураббийларга ҳам совғалар топширилди.
Тадбир давомида интернат ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан Ватанни, тинчликни, меҳр-оқибатни, баҳорни тараннум этувчи қўшиқ ва шеърлар ижро этилди. Ўқувчилар ўз қўллари билан ясаган гуллар ва бошқа буюмларни устозлари ҳамда меҳмонларга тақдим этдилар.
Мактаб-интернати педагогик жамоаси ҳамда ўқувчилари кўрсатилган эътибор ва ғамўрлик учун Юртбошимизга, Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
