Конимех тумани Навоий вилояти марказидан қарийб 200 км олисда жойлашган. “Караката” овул фуқаролар йиғини эса туманнинг чекка ҳудудларидан бири. Мазкур овулда 1784 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 857 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Ҳудуднинг қиши изғиринли, ёзи эса жазирама иссиқ бўлишига қарамай, бу ерда узоқ йиллардан буён турли миллат вакиллари аҳил-иноқ умргузаронлик қилишади. Овул аҳолисининг деярли 85 фоизи чорвачилик, хусусан, туячилик ва йилқичилик билан шуғулланади. Сабаби чўл шароити зироатчилик билан шуғулланишга имкон бермайди. Баъзи аёллар чорва ҳайвонлари жунидан рўзғорбоп буюмлар, кийим-кечаклар тўқишади.
Яқинда 3-сектор раҳбарияти ташаббуси билан туманда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Мутахассис шифокорлар асосий эътиборни тумандаги аёллар ва болалар саломатлигига қаратишди.
– Бир неча йил аввал сурункали касаллик туфайли юришга қийнала бошладим. Рўзғор ташвиши билан бўлиб, туман марказидаги тиббиёт муассасасига боролмадим. Оғриқларим кундан кунга зўрайиб, ахири юролмай қолдим. Бугун эса ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий текширувидан ўтдим. Шифокорларнинг фойдали тавсиялари менда яна оёққа туришимга ишонч уйғотди, – дейди 50 ёшли Уралой Манбетова.
Конимех тумани 3-сектори мутасаддилари 2022 йил бошидан овулдаги ҳар бир хонадонда бўлиб, одамларнинг яшаш шароити, ижтимоий аҳволини ўрганишди. Натижада кўплаб аёлларнинг муаммоларини ҳал эцҳди. Масалан, Ўралой Манбетовага малакали муолажалардан сўнг замонавий ногиронлик аравачаси, Шаҳноза Ҳамидовага ногирон фарзанди учун бепул дори-дармонлар берилди. Гулшан Сейитова эса субсидия асосида чорвачилик фаолиятини йўлга қўйди. Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин тикувчилик билан шуғулланаётган Лола Бозорова янги тикиш машиналик бўлди.
Хуллас, овулдаги 50 нафардан ортиқ аёлларнинг тақдири уларга қаратилган алоҳида эътибор туфайли ижобий томонга ўзгарди. Муҳтожларга ижтимоий ёрдам берилди. Ишсизларнинг фойдали машғулотлар билан бандлиги таъминланди. Бундай ғамхўрликдан овул аёллари бениҳоя хурсанд.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
