Сурхондарё вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари бу вазифани сидқидилдан адо этиб келишмоқда. Темирйўлларда бошқарма ходимлари хизмат олиб борадиган ҳудуд 408,6 километр масофани ташкил этади. Мазкур ҳудуддан асосан Тошкент –Термиз – Тошкент, Тошкент – Сариосиё – Тошкент, Андижон – Термиз – Андижон, Термиз – Сариосиё – Термиз, Термиз – Болдир – Термиз, Душанбе – Москва – Душанбе йўловчи поездлари ҳаракатланади. Йўловчиларнинг, шунингдек, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўплаб профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. 

– Шунингдек, фуқароларни қабул қилиш, махсус тергов ва қайд этиш, интизомий кенгаш хоналарида ҳам бир қатор қулайликлар яратилган, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги бўлими бошлиғи, маёр Шавкат Жўраев. – Уларнинг барчаси овоз ёзиш аппаратлари ва кузатув камералари билан жиҳозланган. Қолаверса, мўжазгина кутубхона ҳамда министадион ҳам ходимлар ихтиёрида. Ходимларимиз спорт билан шуғулланишлари учун имконият етарли. Бу эса соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш, ходимларни чиниқтириш учун айни муддао бўлаётир. 

«Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз йўналиш», «Темирйўлларда хавфсиз кун» каби тезкор-профилактик тадбирларда ҳам бошқарма ходимлари анча фаол. Улар ППХ ходимлари билан биргаликда хизмат ҳудудидаги аэропорт ҳамда темирйўл вокзалларини кеча-ю кундуз қўриқлаб, кириб келувчи фуқароларнинг юклари, қўл сумкаларини синчковлик билан текширишмоқда. Вокзал ва аэропорт ҳудудларида фуқароларнинг мақсадсиз юришларига барҳам берилмоқда. 

Бу саъй-ҳаракатларнинг замирида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашдек эзгу мақсад ётибди, албатта. Вилоят Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари ана шу мақсад йўлида ҳамжиҳатлик билан фаолият олиб боришмоқда. Бу борада йўловчиларнинг кўнгли тўқ бўлсин.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.