16-17-июн кунлари Фарғона вилоятининг икки ҳудудида авто ва мотоспорт ихлосмандлари учун биринчи марта “Дрифт шоу” ташкил этилди.

Биринчи шоу Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” ўйингоҳи автотураргоҳида бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Авто-мото туризм ассосиасияси ҳамкорлигида ўтказилган спорт шоусининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов иштирок этиб, барча автоспорт ихлосмандларини спорт туризмини ривожлантириш мақсадида ташкил этилаётган мото ва авто дрифт чиқишларидан завқ олишга чақирди. Тадбирда Авто-мото туризм ассосиасияси раиси Отабек Олимжонов ҳам иштирок этди.

Ҳақиқий адреналинга бой бўлган дрифт шоуда маҳаллий ҳамда Қирғизистондан ташриф буюрган ҳайдовчилар, мотосиклчилар ўзларининг махсус тайёрланган транспорт воситаларида иштирок этиб, ўз чиқишлари, трюкларини намойиш этишди. Тадбир иштирокчилари ҳайдовчилар ҳаракатини ҳис-ҳаяжон билан кузатиб бордилар.

Шунингдек, спорт тадбири давомида автопарад, тюнинг автомобиллар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

“Дрифт шоу” 17-июн куни Сўх тумани Равон шаҳарчасида ҳам ўтказилди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.