Маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлашга масъул ходимлар ўзаро ҳамжиҳатликда муаммоли оилалар билан ишлаш, ёшларни банд этиш, уларни спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга жалб қилишни асосий вазифалари деб билган ҳолда уддалашмоқда.
– Ўтган йили бизга янги бино қуриб берилди. Ишлашимиз учун барча шароитлар бор. Бундай имкониятлар бизга янада куч бағишлаб, аҳолимиз ҳаётдан мамнун яшаши учун еттилик биргаликда ишлаяпмиз, – дейди «Каттаминг» МФЙ раиси
Актам Худойбердиев.
Ҳудудда профилактика инспектори маёр Марат Мустафоев кун-у тун сергак. Ғайрат-шижоатли, интилувчан ва изланувчан ходимнинг матонати, иродаси ва қатъияти туфайли маҳаллада жиноятчилик қайд этилмаган. Дўкон, кафе ва кўчаларда ўрнатилган кузатув камераларини мунтазам кузатиб боради. Бегона шахслар, вояга етмаганлар кўчада назорациз юрмаслигини, низоли ҳолатлар бўлмаслигини назорат қилиб, бу борада профилактик-тарғибот тадбирларини олиб боради.
Маҳалла еттилиги кексалар маслаҳатига таяниб бемор ва якка ёлғиз яшовчи фуқаролар, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олади, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашади. Яқинда сахий кишилар кўмагида ижтимоий ҳимояга муҳтож, аёли ҳам, ўзи ҳам ногиронлиги бўлган Муяссар Худойбердиев оиласига уй-жой қуриб берилишини ташкил этишди. Улар бир хонадонда 4 та оила яшар эди, – дейди маҳалла фаоли Шокир Шавқиев.
Ҳа, ўзаро ҳамкорлик ва бирдамлик, меҳр-оқибат ва қўшничилик ришталари мустаҳкам, шарқона қадриятлар устувор бўлган маҳаллада ҳар қандай муаммога ечим топилади. Шу боис, маҳалладаги аҳиллик, тотувлик ва меҳр-оқибатга кўпчилик ҳавас қилишади.
Умида МАМАДАЛИЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
