– Сизнингча, ҳозирги кунда республикамизда болаларга зўравонлик кўпаяётганининг сабаби нимада?

– Болаларга нисбатан зўравонлик фақатгина Ўзбекистон учун эмас, балки глобал миқёсдаги муаммодир. Халқаро болалар ташкилоти (ЮНИСЕФ)маълумотларига кўра, 2–4 ёшдаги болаларнинг деярли тўртдан уч қисми (тахминан 300 миллион бола) мунтазам равишда ота-оналар ва бошқалар томонидан жисмоний ёки руҳий зўравонликка учрайди. Энг ачинарлиси, жаҳонда ҳар 7 дақиқада 1 нафар ўспирин зўравонлик оқибатида ҳаётдан кўз юмяпти. Шунинг учун ҳам бу масала Бмтнинг кун тартибида жаҳондаги таълим аҳволи муаммосидан кейин кўриладиган марказий масала ҳисобланади. 

Бугунги кунда зўравонлик ҳолатлари акс этган видеотасвирлар ва хабарлар ижтимоий тармоқларда тез тарқалаётгани республикада зўравонлик ҳолатлари ошиб кетяпти, деган тасаввурни келтириб чиқармоқда. Зўравонлик ҳолатларига бефарқ бўлмаган инсонлар сони ортиб бораётганлиги албатта қувонарли. Бу жамиятимизда болаларга нисбатан тафаккур ўзгараётганлигидан далолат. 

Айтиш керакки, болага нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат, унга мутлақо муросасиз бўлишимиз зарур.  

– Қандай ҳолатларда катта ёшдагилар болага зўравонлик қилган ҳисобланади? 

– Зўравонлик – боланинг асосий эҳтиёжлари ва энг устун манфаатларига зид бўлган, унинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган, шу жумладан, жисмоний ёки руҳий азоб етказаётган ёхуд етказиши мумкин бўлган қасддан содир этилган ҳар қандай ҳаракат (ҳаракацизлик)дир.

Зўравонлик жисмоний, жинсий, руҳий бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ҳозирда зўравонликнинг бошқа – ғамхўрлик кўрсатмаслик, экс­плуатация, буллинг каби турлари ҳам қонунан эътироф этилмоқда. 

Болани уриш тарбия усули эмас. Бундай ёндашувдан чекиниш зарур. Ота-оналар томонидан фарзандларига нисбатан ҳеч бир ҳолатда зўравонлик қилиниши ёки бирор ҳаракати учун уриш, калтаклаш кўринишидаги жисмоний жазо қўллаши мумкин эмас. Боланинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда шаъни ва қадр-қиммати қонун билан ҳимояланган.

Зўравонликни ташқарида, бегоналардан эмас, балки энг яқинларидан – унга меҳр-муҳаббат кўрсатиши керак бўлган инсонлардан кўраётган болажоннинг кўнглида нима кечаётганини бир тасаввур қилиб кўринг! Бундай боланинг дунёси остин-устун бўлади, ҳаётга, эртанги кунга, инсонларга ишончи сўнади. 

Фарзанд – ота-онанинг «шахсий мулки» деган фикр билан яшашни бас қилиш керак. Ота-оналар болага эгалик қиладиган эмас, унга ғамхўрлик ва меҳр кўрсатиши, унинг жисмонан, руҳан ва ақлан камол топиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш мажбурияти юкланган инсонлардир. 

Давлат болаларга ҳеч ким, ҳатто уларнинг яқинлари ҳам зарар етказишига йўл қўймайди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларининг тегишли моддаларида бундай қилмиши учун қатъий чоралар белгиланган.

– Агар болага зўравонлик қилинаётганини билсак, кимга муро­жаат қилишимиз керак? Хусу­сан, Болалар омбудсманига муро­жаат қилиш тартиблари қандай? 

– Агар болага нисбатан зўравонлик содир этилаётган бўлса, биринчи навбатда, «102» га қўнғирог қилиб, ҳудудий Иибга хабар берилиши лозим. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз вақтида вазифасини бажармаса, Болалар омбудсманига мурожаат қилиш керак. 

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари­нинг ва фуқаролиги бўлмаган шахс­ларнинг, юридик шахсларнинг бола ҳуқуқларини бузаётган ташкилотлар­нинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракацизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга. 

Болаларнинг ўзи ҳуқуқлари ва қону­ний манфаатларига риоя этилиши маса­лаларида шикоят бериши мумкин. Вакил болаларнинг шикоятларини кўриб чиқиши шарт, уларнинг шикоятини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди. У боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда ёхуд ҳимоя­нинг ҳуқуқий воситаларидан мустақил равишда фойдаланишга лаёқациз шахсларни ҳимоя қилиш учун ўз ташаббуси билан фактлар текширувини ўтказишга ҳақлидир.

– Беғубор болалик онларининг асосий қисми таълим муассаса­ларида ўтади. Бироқ бугун бу масканлар ҳам хавфсиз эмас, назаримизда. 

– Ҳақиқатан ҳам, турли таълим муассасаларида тарбиячи, ўқитув­чилар томонидан вояга етмаганларга нисбатан ўтказилаётган тазйиқ ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу ҳақда жамоатчилик ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли материаллар, видео­лар орқали ҳам хабар топмоқда. Жумладан, Болалар омбудсмани котибиятига бу борада бевосита ота-оналар, боланинг яқин қариндошлари ёки болаларнинг ўзлари­дан ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Болалар омбудсмани сўрови асосида мутасадди ташкилотлар бундай вазиятларни ўрганиб, аксарият ҳолларда, ҳолат ўз тасдиғини топмоқ­да. Қонун доирасида таълим муассасаси ходимига нисбатан тегишли чоралар қўлланилмоқда. Ҳеч бир ҳолат эътибордан четда ёки жавобсиз қолмаяпти.

Албатта, вазиятга ҳар томонлама ёндашиш муҳим. Болалар томонидан ҳам ўқитувчиларга нисбатан ҳурмацизлик кўрсатиш, қулоқ солмаслик, кўрсатмага амал қилмаслик ҳоллари кузатилади. Лекин нима бўлганда ҳам, бола қандай хулқда бўлишидан қатъи назар, унга нисбатан ғайриинсоний, ноқонуний чора кўрилишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бу каби ҳаракатларга йўл қўйганлар, айниқса, боланинг таълим ва тарбияси учун масъул бўлган шахслар қатъий равишда қонун доирасида жавобгарликка тортилиши шарт.

– Болалар омбудсманига қайси масалаларда мурожаатлар келиб тушмоқда? 

– Болалар омбудсманига ҳар куни турли хил мурожаатлар келиб тушади. Мурожаатлар нафақат ота-она, боланинг яқин қариндошларидан, балки вояга етмаганларнинг ўзларидан ҳам келиб тушмоқда. Хусусан, аксарият ҳолларда, вояга етмаган қизлар оилавий зўравонлик қурбони, ота-она ёки умуман учинчи шахслар томонидан эрта турмуш қуришга мажбурларнаётганликлари, вояга етмаган ўғил болалар эса уларга мактабларда бошқа синф ўқувчилари томонидан тазйиқ (буллинг) ўтказиб келинаётганлиги юзасидан мурожаат қилишмоқда.

Масалан, 2024-йилнинг биринчи чорагида Болалар омбудсмани котибиятига жами 262 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг ҳар бирини атрофлича ўрганиб, мутасадди идораларга манзилли чора кўриш бўйича сўровлар юборамиз ва ҳолат ўз ечимини топмагунича назоратимизни давом эттирамиз. Муро­жаатлар ижобий ҳал этилганидан сўнг ёки жараён қайси босқичда эканлиги борасида ижтимоий тармоқ­лардаги саҳифаларимизда эълон қилиб бормоқдамиз. 

Шу билан бирга, ҳозирда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар бир таълим муассасасида мурожаатлар қутисини ташкил қилишни режалаштиряпмиз. Бу орқали болалар омма олдида айта олмайдиган муаммоларига оид хабарларини қутиларда қолдиришади, биз, мутасаддилар эса уларни ўрганиб чора кўрамиз. 

Болалар омбудсманининг давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги боланинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Болалар омбудсмани фарзандларимиз манфаатларига эътиборсиз бўлмаган жамиятимизнинг ҳар бир фаол аъзоси билан ҳамкорликка ва мулоқотга очиқдир.

Ўз мухбиримиз 

Мадина ҚАҲҲОРОВА

суҳбатлашди.