Ота-она учун фарзандининг камолини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Айни пайтда Қарши шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг 9-синфида таҳсил олаётган ўғлим Мирфайзбек Абдуллаэйв аъло баҳоларга ўқиб, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди. У ҳозирда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашида сардор.
Бир куни ўғлимдан «Сардорлик, умуман, фаоллик сенга нима берди?» деб сўрадим. У ишонч билан шундай деди: «Ижтимоий фаоллик менда, биринчи навбатда, ҳаётий кўникмалар, масалан, нотиқликни, жамоани бошқариш қобилиятини, мустақил тарзда лойиҳалар ташкил этиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим ролъ ўйнади».
Ўтган йилнинг декабр ойида республикамизнинг барча ҳудудларида «Раҳбар ва ёшлар» учрашувлари ўтказилди. Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган учрашувлардан бирида Мирфайзбек вилоят ҳокими Муротжон Азимовга энг намунали ва иқтидорли мактаб ўқувчилари учун «Вилоят ҳокими стипендияси»ни жорий этиш бўйича таклифни билдирди.
Эътиборлиси, бу таклиф қўллаб-қувватланиб, жорий йилнинг 13-январида «Вилоятдаги энг намунали ва энг иқтидорли ўқувчилар «Вилоят ҳокими стипендияси»ни жорий этиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Бу хабардан ўғлим ва унинг тенгқурлари, бутун воҳа ўқувчилари жуда хурсанд бўлди.
Тадқиқотларга қараганда, «Тенгдош – тенгдошга» тамойили энг яхши самара берадиган усуллардан бири экан. Бу қайсидир ўқувчи бирон бир мавзуда тенгдоши билан суҳбатлашса, фикрлашса, натижадорлик юқори бўлади, дегани. Мирфайзбек ана шу тамойилга таянган ҳолда, мактаб ўқувчилари бўлган тенгдошлари билан бир қанча лойиҳаларни амалга оширди.
Айни пайтда вилоятда ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятларини юзага чиқариш мақсадида «Интеллектуал олимпиада» лойиҳасига старт берилди. Бу жараёнда «Мунозара», «Камалак», «Экологик муаммолар болалар нигоҳида» каби лойиҳалар намойиши режалаштирилган. Бу тадбирларда ўғлим ҳам муносиб қатнашмоқда.
Мамлакатимизда мавжуд кенг имкониятлардан оқилона фойдаланаётган ёшлар барча соҳаларда катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Ана шундай интилувчан ёшлар орасида фарзандим Мирфайзбек ҳам борлигидан фахрланаман!
Сирожиддин РАҲИМОВ,
подполковник.
