Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан вилоят ҳудудида истиқомат қилаётган турли соҳа фахрийларининг хонадонига ташриф буюрди.

Бошқарма бошлиғи ҳамда унга ҳамроҳлик қилган ҳудудий ички ишлар бўлими раҳбарлари Янгиариқ туманида истиқомат қилаётган, истеъфодаги подполковник Отаназар Жуманиёзов хонадонида бўлишди ва унга байрам совғаларини топширишди. Самимий суҳбат давомида юртимиздаги тинчлик ва осойишталик нақадар муҳим эканлиги шукроналик билан тилга олинди. Тўқсон ёшни қаршилаётган Отаназар ота кўрсатилаётган эътибор учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда унга ҳамроҳлик қилган барча раҳбарларга миннатдорлик билдирди. 

Шу куни бошқарма бошлиғи истеъфодаги подполковник Одилбек Матрасуловнинг ҳам хонадонига ташриф буюрди. Ўттиз йил жиноятчиликка қарши курашишда фидойилик билан хизмат қилган отахон айни кексалик даврида тўшакка михланиб қолган бўлса-да, ҳамон осойишта кунларнинг қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаётганини изҳор этди. Отахон бугунги кунда нуронийлар ва меҳнат фахрийларига яратилган шароитлар, эътибор ва ғамхўрликлардан ғоят мамнун эканлигини таъкидлади. Шунингдек, бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев бошчилигидаги ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари эл суйган санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Гулора Раҳимова, истеъфодаги подполковник марҳум Ҳасанбой Ҳусаиновларнинг ҳам хонадонида бўлиб, уларни Истиқлол айёми билан самимий қутлашди. 

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.  

Хоразм вилояти.